Шавкат Мирзиёев Садир Жапаровни табриклади

Жамият

image

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев бугун, 4 июнь куни Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров билан телефон орқали мулоқот қилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Президенти матбуот хизмати хабар берди.

Суҳбат аввалида давлат раҳбари Қирғиз Республикаси Президенти ва қардош халқини мамлакатнинг 2027–2028 йилларда БМТ Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани муносабати билан самимий табриклаган.

Ўзбекистон етакчиси мазкур муваффақият Қирғизистоннинг фаол ташқи сиёсати ҳамда минтақавий барқарорлик ва хавфсизликни таъминлашга қўшаётган салмоқли ҳиссаси халқаро ҳамжамият томонидан юксак эътироф этилаётганининг ёрқин ифодаси эканини таъкидлаган.

Томонлар халқаро майдонда яқиндан мувофиқлашув ва ўзаро қўллаб-қувватлашни давом эттиришга тайёр эканликларини тасдиқлаган.

Суҳбат чоғида давлат раҳбарлари Ўзбекистон ва Қирғизистон ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатлари бугунги кунда юксак даражага кўтарилганини катта мамнуният билан қайд этган.

Олий даражадаги учрашувлар давомида эришилган, энг аввало, иқтисодиёт, транспорт, энергетика соҳаларида ҳамда маданий-гуманитар йўналишдаги келишувларнинг амалий ижросини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратилган.

Етакчилар бўлажак олий даражали тадбирлар режасини ҳам кўриб чиққан.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қирғизистон ўз тарихида илк бор Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик Кенгашининг доимий бўлмаган аъзоси этиб сайлангани ҳақида хабар берилганди. Республика 2027–2028 йилларда жаҳон ташкилотининг асосий органларидан бири таркибида бўлади.

Овоз бериш кеча, 3 июнь куни Нью-Йоркда БМТ Бош Ассамблеясининг йиғилишида бўлиб ўтган. Қирғизистон Республикаси номзоди учун 142 та давлат овоз берган. Хавфсизлик Кенгашидаги ўрин учун курашган Филиппин эса 49 та овоз олган.

Қирғизистон Республикасининг ваколат муддати 2027 йил 1 январда бошланиб, 2028 йил 31 декабрда якунланади.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Қирғизистон Садир Жапаров БМТ Хавфсизлик Кенгаши

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг