Шавкат Мирзиёев Япония молия институтлари раҳбарларини қабул қилди
Жамият
−
19 Декабрь 638 3 дақиқа
Бугун, 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Токиога расмий ташрифининг ишбилармонлик дастури доирасида Япония халқаро ҳамкорлик агентлиги (JICA) президенти Акихико Танака ва Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) бошқарувчиси Нобумицу Хаяси билан музокаралари бўлиб ўтди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Учрашувда Япониянинг ушбу етакчи молия институти билан кенг кўламли ҳамкорликни янада кенгайтириш ва қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди. Кейинги йилларда стратегик шерикликда юксак даражага эришилгани мамнуният билан қайд этилди. Лойиҳалар доирасида маблағларни ўзлаштириш суръати сезиларли даражада ўсди.
Лойиҳалар портфели 8 миллиард доллардан ошди. Соғлиқни сақлаш, энергетика, транспорт, таълим, саноат ва бошқа устувор соҳаларда яна 3 миллиард доллардан ортиқ қийматга эга ташаббуслар ишлаб чиқилмоқда. Ташриф доирасида иқтисодий зоналар, таълим, қишлоқ хўжалиги, транспорт соҳаларини ривожлантириш ҳамда тиббий ускуналар етказиб бериш бўйича янги келишувлар имзоланди.
Япония томони қўшма Инсон ресурсларини ривожлантириш маркази ва Ёшлар инновация маркази фаолиятини кўп йиллардан буён қўллаб-қувватлаб келаётгани юқори баҳоланди. Агентликнинг энергетика секторини ривожлантириш, ёшлар ва аёллар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлаш, бандликни таъминлаш ва камбағалликка қарши курашиш, илғор муҳандислик кадрларини тайёрлаш ҳамда “Бир қишлоқ – битта маҳсулот” лойиҳаси кўламини оширишдаги иштирокини кенгайтиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Томонлар Япония инвесторлари учун махсус иқтисодий зона барпо этиш лойиҳасини тез фурсатларда ишга туширишга тайёр эканини билдирди. Учрашув якунида давлат раҳбари JICA билан 2030 йилга қадар Янги ҳамкорлик дастури доирасидаги лойиҳаларни ўз вақтида тайёрлаш ва уларнинг натижалари барқарор бўлишини таъминлаш муҳимлигини таъкидлади.
Япония халқаро ҳамкорлик банки (JBIC) бошқарувчиси Нобумицу Хаяси билан учрашувда ҳам мазкур етакчи молиявий институт билан стратегик шерикликни янада кенгайтиришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди. Кейинги йилларда банк билан ҳамкорликдаги ижобий суръат мамнуният билан қайд этилди. Лойиҳаларнинг умумий портфели 5 миллиард доллардан ошган ҳамда нефть-кимё, энергетика, телекоммуникациялар, инфратузилма, енгил саноат ва бошқа соҳаларни қамраб олган.

Энергетика, транспорт, АT инфратузилмасини ривожлантириш, соғлиқни сақлаш тизимини модернизация қилиш ва бошқа устувор йўналишларда умумий қиймати 10 миллиард доллардан зиёд янги лойиҳаларни сифатли тайёрлаш ҳамда бошланганларининг натижадорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратилди. Ижтимоий соҳада давлат-хусусий шериклик лойиҳаларини қўллаб-қувватлашга ҳамда хусусий секторни ривожлантиришга инвестицияларни кенгайтириш муҳим экани таъкидланди.
Ўз навбатида, бошқарувчи Нобумицу Хаяси шериклик натижаларини юқори баҳолади ва Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар дастурини қўллаб-қувватлашини билдирди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь