Ўзбекистон Президенти Япония савдо вазири билан учрашди

Жамият

image

Бугун, 19 декабрь куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Токиога расмий ташрифи доирасида Япония иқтисодиёт, саноат ва савдо вазири Рёсей Аказавани қабул қилди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.

Қайд этилишича, Ўзбекистон – Япония стратегик шериклик муносабатларини янада мустаҳкамлаш, савдо-инвестициявий ҳамкорликни кенгайтириш ҳамда қўшма лойиҳаларни илгари суришнинг долзарб масалалари муҳокама қилинган.

Давлат раҳбари Япониянинг Ўзбекистон иқтисодиётига тўғридан-тўғри инвестициялари жадал ўсиб бораётганини мамнуният билан қайд этган. Сўнгги йилларда қўшма корхоналар сони 10 баравар, амалга оширилаётган лойиҳаларнинг умумий қиймати эса 20 миллиард доллардан ошган.

Савдо ва инвестиция алоқаларини мустаҳкамлаш, муқобил энергетика, карбонсизлантириш, ўта муҳим хомашё каби кўплаб соҳаларда саноат кооперациясини чуқурлаштиришга алоҳида эътибор қаратилган.

Қўшма дастур ва лойиҳаларни илгари суриш учун вазирлар даражасида савдо-иқтисодий ҳамкорлик бўйича ҳукуматлараро комиссия тузиш муҳим экани таъкидланган.

Япония ташқи савдони ривожлантириш ташкилоти (JETRO) ва МДҲ мамлакатлари билан савдо бўйича ассоциациясининг (ROTOBO) фаол иштирокида ишбилармонлик алоқаларини янада мустаҳкамлаш бўйича чора-тадбирлар дастурини ишлаб чиқиш юзасидан келишувга эришилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон Президенти Япония Дўстлик лигаси аъзолари билан учрашганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Президенти Токио

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг