Жапаров ва Раҳмон ҳам Япония Императори билан учрашди
Олам
−
12:18 1078 3 дақиқа
Бугун, 19 декабрь куни Қирғизистон Президенти Садир Жапаров ва Тожикистон Президенти Имомали Раҳмон Токио шаҳрида Япония Императори Нарухито билан учрашувлар ўтказди. Бу ҳақда давлат раҳбарларининг матбуот хизматлари хабар берди.
Имомали Раҳмон ва Император Нарухито Тожикистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар масалалари муҳокама қилди. Имомали Раҳмон самимий қабул ва кўрсатилган эътибор учун Япония Императорига миннатдорлик билдирди.

Қайд этилишича, бугунги кунда Тожикистон ва Япония ўртасидаги муносабатлар савдо-иқтисодий, маданий-гуманитар ва томонлар учун манфаатли бўлган бошқа соҳалардаги ҳамкорликнинг кенг доирасини қамраб олмоқда. Япония томонининг инфратузилма, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва экология, шунингдек, кадрлар тайёрлаш, соғлиқни сақлаш ва санитария соҳаларидаги кичик ва ўрта лойиҳаларни амалга оширишда кўрсатаётган қўллаб-қувватлаши алоҳида таъкидланди. Шунингдек, ўзаро манфаатли ҳамкорликка оид бошқа масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.

Садир Жапаров эса Япония Императори Нарухито билан дўстона алоқаларни мустаҳкамлаш, маданий-гуманитар ҳамкорликни ривожлантириш, шунингдек, Қирғизистон ва Япония халқлари ўртасида ўзаро англашув ва ишончни кенгайтириш масалаларини муҳокама қилди.
Император Нарухито Давлат раҳбарини самимий қутлаб, унинг ташрифини қирғиз-япон муносабатларини янада чуқурлаштириш йўлида муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади.

Ўз навбатида, Президент қирғиз халқи дўст япон халқига нисбатан самимий илиқ туйғуларга эга эканини, унинг маданияти ва анъаналарини юксак қадрлашини қайд этди.
Садир Жапаров Осака шаҳрида ўтказилган ЭКСПО–2025 Бутунжаҳон кўргазмасининг муваффақиятли ўтганини юқори баҳолади ҳамда Қирғизистон Миллий павильонига “Ҳаёт имкониятларини кенгайтириш” номинациясида олтин мукофот берилганини алоҳида аҳамиятли деб атади.
Президент Япония технологиялари ва таълим дастурларининг Қирғизистоннинг ижтимоий-иқтисодий ривожланишидаги муҳим ўрнига эътибор қаратди. Шунингдек, Япония стипендия дастури янги авлод давлат хизматчиларини шакллантиришга хизмат қилаётгани алоҳида таъкидланди. Жапаров Қирғизистон ёшлари орасида япон тили ва маданиятига қизиқиш барқарор ўсиб бораётганини қайд этиб, ҳозирги кунда мамлакатдаги тўртта олий ўқув юртида тахминан 700 нафар талаба японшунослик ва япон тилини ўрганаётганини билдирди.
Садир Жапаров Императорнинг сув ресурслари соҳасидаги илмий фаолиятини юксак ҳурмат билан тилга олди ва тоғли ҳудудларни барқарор ривожлантириш соҳасида ҳамкорликни чуқурлаштиришга қизиқиш билдирди. Шунингдек, у Император Нарухитони 2027 йилда бўлиб ўтадиган Иккинчи глобал тоғ саммити – “Бишкек+25” тадбирида иштирок этишга таклиф қилди.

Учрашув якунида Президент Садир Жапаров илиқ қабул учун миннатдорлик билдириб, Император Нарухитони ўзига қулай вақтда Қирғизистонга ташриф буюришга таклиф этди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 18 декабрь куни Қозоғистон Президенти Қосим-Жомарт Тўқаев, бугун, 19 декабрда Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Император Нарухито билан учрашганди.
Live
Барчаси