Шавкат Мирзиёев ЕОИИ билан ягона рақамли савдо маконини яратишни таклиф қилди
Жамият
−
29 Май 1783 2 дақиқа
Бугун, 29 май куни Остона шаҳрида бўлиб ўтган Олий Евроосиё иқтисодий кенгаши мажлисида Ўзбекистон президенти Евроосиё иқтисодий иттифоқи (ЕОИИ) давлатлари билан тўсиқларсиз ягона рақамли савдо маконини яратиш ташаббусини илгари сурди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Президент электрон тижоратни ривожлантириш, божхона, фитосанитария ва ветеринария назорати бўйича рақамли маълумот алмашинувини йўлга қўйиш, электрон ҳужжатларни босқичма-босқич ўзаро тан олиш зарурлигини таъкидлади.
Шунингдек, “ақлли” транспорт-божхона йўлакларини яратиш, рақамли транзит тизимларини жорий этиш ва чегарадаги ўтказиш пунктларини модернизация қилиш таклиф этилган.
Мирзиёев ЕОИИ давлатлари билан саноат кооперациясини кенгайтириш масаласига ҳам алоҳида тўхталган. Унинг айтишича, Тошкентда ўтган “INNOPROM. Марказий Осиё” кўргазмаси бизнеснинг ишлаб чиқаришни маҳаллийлаштириш ва янги технологик шерикликларга қизиқиши ортиб бораётганини кўрсатган.
Президент Ўзбекистонда Евроосиё иқтисодий комиссияси билан ҳамкорликда қўшма лойиҳа офисини ташкил этишга тайёр эканини билдирган. Ушбу марказ “ягона дарча” тамойили асосида ишлаши, шерикларни топиш, саноат зоналаридаги лойиҳаларни қўллаб-қувватлаш ва молиялаштиришни жалб қилиш билан шуғулланиши режалаштирилмоқда.
Бундан ташқари, Президент саноатни «яшил» трансформация қилиш бўйича қўшма дастур қабул қилишни таклиф этган. У энергия самарадорлигини ошириш, тоза технологияларни жорий этиш ва маҳсулотларнинг углерод ҳажмини камайтириш узоқ муддатли рақобатбардошлик учун муҳим омил эканини қайд этган.
Мирзиёев меҳнат миграцияси соҳасида ҳамкорликни кучайтириш, бандлик бўйича миллий электрон хизматларни ўзаро боғлаш ва фуқаролар учун ягона рақамли платформа яратиш ташаббусини ҳам илгари сурган.
Туризм йўналишида эса Президент “Марказий Осиё туристик ҳалқаси” лойиҳасида ЕОИИ давлатларини фаол иштирок этишга ва уни халқаро рақамли платформаларда биргаликда тарғиб қилишга чақирган.
Нутқи якунида Мирзиёев Ўзбекистон ЕОИИ билан амалий ҳамкорликни янада ривожлантириш тарафдори эканини таъкидлаган.
Live
Барчаси