Швейцарияда Гулнора Каримова устидан суд бошланди

3-саҳифа

image

Кеча, 27 апрель куни Швейцариянинг Беллинцона шаҳридаги федерал жиноий судда Ўзбекистоннинг Биринчи президенти Ислом Каримовнинг қизи Гулнора Каримова устидан сиртқи суд жараёни бошланди. Жараён 22 майга қадар давом этиши кутилмоқда. Бу ҳақда “Associated Press” хабар берди.

53 ёшли Гулнора Каримова колонияда жазо муддатини ўтаётгани сабабли Швейцария судида иштирок эта олмайди. Унинг адвокатларидан бири Грегуар Манжеа ҳамкасблари билан бирга ўз мижозининг “тўлиқ ва сўзсиз оқланишига” ҳаракат қилишини билдирган.

Швейцария прокуратураси Каримовага нисбатан айбловларни 2023 йил кузида эълон қилган. Қайд этилишича, у бир неча ўнлаб шахслар ва кўплаб компанияларни ўз ичига олган “Офис” номли жиноий гуруҳни тузган ва унга раҳбарлик қилган. Биринчи президентнинг қизи Швейцария ва бошқа мамлакатларда юзлаб миллион долларлик “келиб чиқиши жиноий” маблағларни жойлаштиришда, шунингдек, ноқонуний йўл билан олинган нақд пуллар, заргарлик буюмлари ва бошқа бойликларни сақлашни ташкил қилишда айбланмоқда. 

Тергов версиясига кўра, Россия телекоммуникация компаниясининг Ўзбекистондаги филиали собиқ бош директори ҳам “Офис” ишида иштирок этган. Даъво қилинишича, Ўзбекистоннинг телекоммуникация соҳасида ишлашни истаган хорижий ташкилотлар Каримовага алоқадор компанияларга пора беришга мажбур бўлган. Айблов хулосасига кўра, ушбу ташкилот Швейцарияда 2005 йилдан бери фаолият юритган, Каримова эса жиноий фаолият билан камида 2013 йилгача шуғулланган.

2024 йил ноябрь ойида Швейцария прокуратураси, шунингдек, Швейцариянинг Lombard Odier хусусий банки ва унинг собиқ ходимига нисбатан “Офис” жиноий фаолиятидан тушган даромадларни яширишда “ҳал қилувчи рол ўйнаганлик” айбини қўйди. Банкнинг ўзи эса прокуратура банкни онгли равишда пул ювиш билан шуғулланганликда эмас, балки бундай жиноятларнинг олдини олишдаги “ташкилий камчиликлар”да айблаётганини билдириб, судда ўз позициясини ҳимоя қилишини маълум қилган.

Ўзбекистонда Каримовага нисбатан 2013 йилда ўзлаштириш ва солиқ тўлашдан бўйин товлаш бўйича иккита жиноят иши қўзғатилган. 2015 йилда биринчи иш бўйича унга беш йил муддатга озодликни чеклаш жазоси берилган, 2017 йилда эса иккинчи иш бўйича 10 йилга озодликдан маҳрум этилган. Бундан ташқари, 2020 йил март ойида Тошкент шаҳар суди Гулнора Каримовани тил бириктириш, товламачилик, ўзлаштириш, талон-торож қилиш, пул ювиш ва бошқа жиноятларда айблаб, 13 йил-у 4 ой муддатга озодликдан маҳрум қилган.

Биринчи президентнинг қизи дастлаб Тошкент вилояти Зангиота туманидаги 21-сонли колонияда жазо ўтаган. 2025 йил январь ойида унинг айнан шу вилоятдаги манзил-колонияга ўтказилгани маълум бўлди.  

Эслатиб ўтамиз, 2022 йил сентябрь ойида Ўзбекистон Адлия вазирлиги Каримова ва унинг жиноий гуруҳининг Швейцариядаги активлари миқдори 686 миллион долларга баҳоланишини, Франция, АҚШ, Латвия ва бошқа мамлакатларда эса яна қарийб 1,4 миллиард доллар сақланаётганини маълум қилган эди. 2025 йил февралида Швейцария Ўзбекистонга 182 миллион долларни қайтариши эълон қилинди. Бу маблағлар Гулнора Каримовага қарши жиноят иши доирасида 2012 йилда Швейцария Бош прокуратураси томонидан мусодара қилинган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Гулнора Каримова Швейцария Беллинцона

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг