Соловьёв Россияни Марказий Осиё ва Арманистонга ҳам ҳужум қилишга чақирди (видео)
Олам
−
12 Январь 22738 2 дақиқа
Россиялик машҳур телебошловчи, Кремлга яқин асосий пропагандист Владимир Соловьёв ўзининг жонли эфирида Украина ҳудудига уюштирилган “махсус ҳарбий амалиёт”ни “Россия таъсир доирасидаги бошқа ҳудудларда” ҳам, жумладан Марказий Осиё давлатлари ва Арманистонда ўтказиш зарурлигини айтди.
Соловьёв эфирда Россия Венесуэла ва Сурия ҳақида эмас, балки “яқин хориж” деб аталувчи ҳудудлар, жумладан Марказий Осиё давлатлари ҳамда Арманистон устидан назоратни сақлаб қолиш ҳақида ўйлаши кераклигини айтган.
“Ҳозир биз Сурия ёки Венесуэла билан шуғулланмаслигимиз керак. Биз ўз позицияларимизни йўқотмаслигимиз лозим. Биз учун энг муҳими – бу яқин хориж. Арманистонда содир бўлаётган воқеалар биз учун Венесуэладаги ҳолатлардан анча оғриқлидир. Арманистонни йўқотиш – бу улкан муаммо. Марказий Осиёдаги муаммолар ҳам биз учун жуда катта муаммолардан”, деган телебошловчи.
Соловьёвнинг фикрича, Россия ҳозир қайси ҳудудлар унга тегишли эканини аниқ ва қатъий айтиши лозим. Шунингдек, журналист бу ҳаракатлар йўлида худди Украинага қилинган юриш каби “махсус ҳарбий амалиёт” бошлаш зарурати борлигини айтган.
“Биз ўз мақсад ва вазифаларимизни жуда аниқ белгилашимиз керак. Биз очиқ айтишимиз лозим: “Ўйинлар тугади”. Халқаро ҳуқуқ ҳам, халқаро тартиб ҳам барбод бўлсин. Агар миллий хавфсизлигимиз сабабли Украина ҳудудида “махсус ҳарбий амалиёт” бошлаш зарур бўлган бўлса, худди шу асослар билан таъсир доирамиздаги бошқа ҳудудларда ҳам “махсус ҳарбий амалиёт” бошлашга нега ҳаққимиз бўлмасин? Балки биз миллий доктринамизни шакллантириб, аниқ қилиб, қайси ҳудудлар бизнинг таъсир доирамизга киришини очиқ эълон қилишимиз керакдир. Шунда ҳаммаси равшан бўлади”, — деган Соловьёв.
Эслатиб ўтамиз, 2023 йил декабрь ойида россиялик ёзувчи, “Путин жамоаси” ижтимоий ҳаракати аъзоси, Россия гвардияси полк командирининг ҳарбий-сиёсий масалалар бўйича ўринбосари Захар Прилепин ҳам собиқ СССР ҳудудларини Россия Федерацияси таркибига қўшиб, уларнинг аҳолисига рус тилини ўргатиш таклифини илгари сурганди.
Live
Барчаси