СССР “мероси”: Марказий Осиё уран чиқиндиларидан тозаланади

Олам

image

Халқаро атом энергетикаси агентлиги (МАГАТЭ) Ўзбекистон, Қирғизистон ва Тожикистон, шунингдек, халқаро ташкилотлар билан уран чиқиндилари бор ҳудудларни 2030 йилгача тозалаш бўйича ҳамкорликни давом эттириш мақсадида янги стратегик бош режа эълон қилди. Бу ҳақда “World Nuclear News” хабар берди

Марказий Осиё собиқ совет иттифоқи даврида уран манбаи бўлган ва 50 йилдан ортиқ давомида қазиб олинган, шунингдек, уран рудаси бошқа мамлакатлардан қайта ишлаш учун импорт қилинган. Оқибатда катта миқдордаги радиоактив ифлосланган материал қазиб олиш ашёлари ва оғир металл чиқиндилар жойларида сақланиб қолган. Кўпчилик конлар 1995 йилгача ёпилган, лекин конларни ёпишдан олдин ёки кейин деярли ҳеч қандай тозалаш ишлари амалга оширилмаган. Ифлосланган материал атроф-муҳит ва аҳолининг саломатлиги учун таҳдид солиши мумкин. Таҳдидлар орасида минтақадаги муҳим қишлоқ хўжалиги марказларида ерости ва ерусти сувларининг ифлосланиши эҳтимоли мавжуд. 

Қайд этилишича, уран мавжуд ҳудудлар бўйича МАГАТЭ координация гуруҳи (CGULS) мамлакатларга ушбу ҳудудларни ва радиоактив ҳамда заҳарли чиқиндиларни хавфсиз бошқариш бўйича ёрдам беради. 2012 йилдан буён CGULS Марказий Осиё мамлакатларига тозалаш стратегиялари бўйича амалий ёрдам кўрсатиб келмоқда. 

2017 йилда МАГАТЭ, Европа Комиссияси, Европа қайта қуриш ва тараққиёт банки (EBRD), Мустақил Давлатлар Ҳамдўстлиги Иқтисодий кенгаши ҳамда Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон ҳукуматлари томонидан Марказий Осиёдаги уран “мероси”га оид ҳудудларни экологик тозалаш бўйича стратегик бош режа қабул қилинган. Ушбу режа ҳудудларни хавфсиз ва барқарор тозалаш стратегиясини ҳамда амалий механизмларни белгилайди. 

2018 йил май ойида чоп этилган режада Марказий Осиёдаги етти собиқ уран ишлаб чиқариш ҳудуди энг устувор сифатида аниқланган:

Қирғизистонда: Мойлисув, Минг-Қуш, Шекафтар;

Тожикистонда: Дегмай, Истиқлол;

Ўзбекистонда: Чоркесар, Янгиобод.

Етти ҳудудни тозалашнинг умумий қиймати тахминан 99 млн доллар деб баҳоланган. 2021 йилнинг сентябрида қайта кўриб чиқилган Стратегик бош режа имзоланган. Сўнгги Стратегик бош режа 2025 йил октябрь ойида Тошкентда тақдим этилган ва МАГАТЭ, халқаро ташкилотлар ва ҳамкор мамлакатларнинг келажакдаги фаолиятини йўналтиради. 

Янги Стратегик бош режа бўйича ERA тозалаш дастурининг умумий қиймати 125 миллион долларга баҳоланган. бу суммага тозалаш харажатлари, лойиҳа бошқарув хизматлари, эҳтиёт чоралар ва бошқа дастур харажатлари киради. 

2017 йилдан ҳозирга қадар етти устувор ҳудуднинг 4 ҳудуди тозаланган – Қирғизистон ва Ўзбекистондаги икки ҳудуд. Бешинчи ҳудуд Қирғизистонда, энг катта ва мураккаб ҳудудлардан бири бўлиб, тозалаш ишлари 2032 йилгача давом этиши кутилмоқда. Тожикистонда бир ҳудуд қисман тозаланган, яна бири эса иш бошлаш босқичида.


Мақола муаллифи

Теглар

СССР Марказий Осиё уран чиқиндилари

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг