Сурия Ливандан Асад давридаги зобитларни беришни сўради – “Reuters”

Олам

image

Сурия ҳукумати Ливан хавфсизлик кучларидан Башар Асад ҳокимиятдан ағдарилгач, Ливанга қочиб ўтган 200 дан ортиқ собиқ юқори мартабали ҳарбий зобитни топширишни сўради. Бу ҳақда “Reuters” хабар берди.

Маълумотларга кўра, ўтган йил 18 декабрь куни Сурия хавфсизлик хизматининг юқори лавозимли вакили Абдул Раҳмон ал-Даббагҳ Байрутда ливанлик амалдорлар билан учрашиб, Асад даврида хизмат қилган ва ҳозирда Ливанда яшириниб юрган зобитлар масаласини муҳокама қилган.

Учрашувлар Асаднинг миллиардер қариндоши Рами Махлуф ва собиқ ҳарбий разведка раҳбари Камол Ҳасан баёнотларидан кейин бўлиб ўтган. Уларнинг айтишича, Москвада яшаётган айрим кучлар Ливан ва Сурия қирғоқ ҳудудларида қуролли гуруҳлар тузиш ва уларни молиялаштириш билан шуғулланмоқда.

Бу гуруҳларнинг асосий мақсади муваққат президент Аҳмад ал-Шараа бошчилигидаги янги Сурия ҳукуматини ағдариш. Хабарларга кўра, улар Ливандаги воситачилар орқали пул юбориб, Сурия қирғоқбўйи ҳудудларида тартибсизлик ва қўзғолонлар уюштиришга уринмоқда. Бу ҳудудларда асосан Асад оиласи билан яқин бўлган алавийлар яшайди.

Сурия томони Ливанга қилган мурожаатини расмий экстрадиция талаби эмас, балки хавфсизлик идоралари ўртасидаги оддий сўров деб баҳолаган. Мақсад зобитларнинг қаерда эканини аниқлаш, уларнинг ҳуқуқий ҳолатини текшириш ва уларни жавобгарликка тортиш имкониятларини кўриб чиқиш.

Ливан хавфсизлик хизматидаги уч нафар юқори лавозимли манба учрашувлар бўлганини тасдиқлаган. Улардан бири Сурия томони расмий равишда зобитларни топширишни талаб қилмаганини айтган. Яна икки манба эса айрим шахслар рўйхати берилганини тан олиб, улар орасида юқори лавозимли зобитлар йўқлигини билдирган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Исроил ва Сурия АҚШ ёрдамида алоқа каналини яратмоқчилиги ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Ливан Асад Аҳмад ал-Шараа

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг