Сурия Россияни Хмеймим авиабазасидан қувиб чиқармоқчи

Олам

image

Суриянинг янги ҳукумати Президент Аҳмад аш-Шара бошчилигида Россияни Хмеймим авиабазасидан сиқиб чиқариш масаласини кўриб чиқмоқда. Бу ҳақда “Коммерсант” хабар берди.

Манбаларга кўра, Дамашқ ушбу базани ўз ҳарбийлари учун тайёргарлик марказига айлантиришни режалаштирмоқда. Шу билан бирга, “қўшма бошқарув” варианти ҳам муҳокама қилинмоқда, бироқ база фақат ноҳарбий мақсадларда фойдаланилиши мумкинлиги айтилмоқда.

Хабар қилинишича, Сурия армияси, асосан, собиқ исёнчилардан шаклланган бўлиб, умумий ҳарбий тайёргарлик етишмайди. Шу сабабли Латакия вилоятидаги Хмеймим базаси машғулотлар учун энг қулай жой сифатида кўрилмоқда.

Бироқ Сурия томони Россия ҳарбий инструкторларини жалб қилиш ниятида. Сабаби – мамлакат армияси асосан совет ва рус техникаси билан қуролланган. Шу боис ёрдам, эҳтимол, қуруқлик қўшинларини тайёрлаш билан чекланади, учувчиларни ўқитиш эса режалаштирилмаган.

Аввалроқ, Россия Ташқи ишлар вазири Сергей Лавров Суриядаги икки ҳарбий объект — Хмеймим авиабазаси ва Тартус денгиз базаси келажакда “гуманитар марказлар”га айлантирилиши мумкинлигини айтганди.

Мутахассисларнинг фикрича, Россия Башар Асад режими қулагач, Суриядаги базалардан асосий қурол тизимларини олиб чиқиб кетган. Шу жумладан S-300 ва S-400 зенит-ракета тизимлари ҳам чиқарилган. Бу эса базаларнинг ҳарбий аҳамиятини сезиларли даражада камайтирган.

Эксперт Антон Мардасовнинг таъкидлашича, ҳозир бу объектлар ҳатто қисқа муддатли стратегик авиация жойлаштириш учун ҳам мос эмас. Бундан ташқари, улар баланд ҳудудлардан назорат қилинаётгани сабабли хавфсизлик жиҳатидан ҳам заиф ҳисобланади.

Ҳозирча Сурия Россияга Хмеймим базасидан Африкага юк ташиш учун фойдаланишга рухсат бермоқда, бироқ вазият ўзгариши мумкин. Айрим тахминларга кўра, Дамашқ бу орқали Россиянинг минтақадаги ҳарбий иштирокига якун ясаганини эълон қилиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия Суриянинг шимоли-шарқида жойлашган Қамишли шаҳри яқинидаги ҳарбий аэродромдан ўз қўшинларини олиб чиқишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Сурия Аҳмад аш-Шара Хмеймим авиабазаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг