“Тарихдаги энг катта фирибгарлик”. Дуров WhatsApp’ни танқид қилди
Олам
−
11 Апрель 4356 2 дақиқа
Telegram асосчиси Павел Дуров ўзининг асосий рақобатчисига нисбатан кескин баёнот билан чиқди. Бу ҳақда у ўзининг Telegram-каналида маълум қилди.
Дуров ўзининг расмий Telegram каналида WhatsApp’даги шифрлашни “тарихдаги энг йирик фирибгарлик бўлиши мумкин” деб атаган.
“WhatsApp’нинг шифрлаши миллиардлаб фойдаланувчиларни алдаган энг катта фирибгарлик бўлиши мумкин. Компания баёнотларига қарамай, у фойдаланувчилар хабарларини ўқийди ва уларни учинчи томонларга узатади. Telegram бундай қилмаган ва ҳеч қачон қилмайди”, деган Дуров.
Далил сифатида у суд материалларини илова қилган. Унда Meta компанияси WhatsApp ва уларнинг пудратчиси Accenture компанияси ходимларида “фойдаланувчи хабарларига кенг эришиш имкони” борлиги айтилган.
Шунингдек, постда “backdoor”, яъни ҳимояни четлаб ўтиб, ёзишмаларга кириш имконини бериши мумкин бўлган яширин механизм ҳақида ҳам сўз юритилган. Расмий изоҳга кўра, бундай кириш имкони фақат фойдаланувчилар шикоят қилган хабарларни текшириш учун керак (масалан, “спам” ёки “фирибгарлик” белгиси қўйилганда). Бироқ даъвогарлар компания исталган ёзишмани ўқиш имкониятига эга, деб ҳисоблайди.
Марк Цукерберг раҳбарлик қиладиган корпорацияга қарши жамоавий даъво Австралия, Бразилия, Ҳиндистон, Мексика ва ЖАР фуқаролари томонидан берилган. Иш Калифорния штати Шимолий округ суди судида кўриб чиқилмоқда.
Даъвогарлар гуруҳи Meta ва WhatsApp фойдаланувчилар махфий деб ҳисоблайдиган маълумотларни “сақлайди, таҳлил қилади ва уларга кириши мумкин” деб иддао қилмоқда.
Асосий эътироз “end-to-end encryption”, яъни хабарларни фақат юборувчи ва қабул қилувчи ўқий оладиган технология ҳақида. Даъвогарларга кўра, 2016 йилдан буён фойдаланувчиларга айнан шундай деб айтилган, аммо амалда бу тўлиқ тўғри эмас.
Шу билан бирга, мутахассислар ҳозирча шифрлаш бузилгани тасдиқловчи очиқ техник далиллар тақдим этилмаганини таъкидламоқда.
Meta’нинг жавоби
Meta айбловларни рад этмоқда. Компания вакили Энди Стоун бу даъволарни “мутлақо ёлғон ва абсурд” деб атаган. Унинг айтишича, WhatsApp ўн йилдан бери Signal Protocol (юқори даражада ҳимоя қилиш учун ишлатиладиган махсус криптографик технология) орқали ҳимояланган ёзишмадан фойдаланиб келмоқда.
Маълумот учун, Signal протоколи шахсий хабарларни ҳимоя қилишда “олтин стандарт” деб тан олинган криптографик тизим ҳисобланади. Meta бу функция доимий равишда ёқилган ҳолда ишлашини бир неча бор таъкидлаган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Meta платформаси болаларнинг руҳий саломатлигига атайлаб зарар етказганлиги ва болаларни жинсий эксплуатация қилиш ҳақидаги маълумотларни яширганлиги аниқлангандан кейин 375 миллион доллар жаримага тортилганди.
Live
Барчаси