Қўрқув ва хавфда ўтган парад, тадбиркорлар шўрига тўкилган шўрва, 10 минг долларга ёлланган киллер – Ҳафта таҳлили

Таҳлил

Яна бир ҳафта ортда қолди. Дунё эса бир жойда тўхтаб тургани йўқ. Кечаги шов-шувлар бугун эски хабарга айланяпти, янги воқеалар эса кун тартибини эгаллаб бормоқда. Ҳаёт шиддати шу қадар тезлашдики, айрим қарорлар бир кунда минглаб одамлар тақдирига таъсир қилмоқда, айрим воқеалар эса бутун жамиятни баҳсга чорлаяпти. Тугаётган ҳафта ҳам Ўзбекистон учун турли зиддиятлар, баҳслар, оғриқли ҳодисалар ва муҳим қарорларга бой бўлди. Биз эса анъанавий дайжестимизда ҳафтанинг энг муҳим воқеаларига бирма-бир тўхталамиз.

Пешлавҳаларга қўйилган тақиқ бекор қилинди

Охирги вақтларда тадбиркорлар, айниқса, кичик ва ўрта бизнес вакилларининг, умумий овқатланиш йўналишидаги бизнес эгалари, дўкондорларнинг кайфияти суст. Кимга қулоқ тутманг солиқ маъмуриятчилигидаги ҳали ўз ўрнини топмаган янги қоидалар, текшир-текширлар, бюрократия, дизайн-код, пешлавҳаларнинг олиб ташланиши, хусусий мулк дахлсизлигига путур етиши, “снос”дан ёзғиряпти. Эътирозлар, айниқса, Тошкент шаҳрида ортгандан ортган. Сўнгги вақтларда тадбиркорлар ва ҳокимлик ўртасидаги асосий баҳс айнан нимани "реклама" ва нимани "пешлавҳа" (информацион лавҳа) деб ҳисоблаш устида кетмоқда.

Вазирлар Маҳкамасининг 2020 йил 21 февралда қабул қилинган “Ташқи реклама бозорини тартибга солиш тўғрисида”ги қарори билан ташқи рекламани жойлаштириш тартиби тасдиқланган. Унда айтилишича, агар маълумот воситаси ташкилот эгаллаб турган бинонинг фасадида жойлашган бўлса ва фақат ташкилот номини кўрсатса, бу реклама эмас. Бироқ, амалиётда "фасаднинг қайси қисми", "ҳарфларнинг катталиги" каби техник параметрлар баҳсли бўлиб қолмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги пешлавҳаларни тўғридан-тўғри "реклама" деб атовчи алоҳида янги қарор чиқармаган, лекин дизайн кодга мос келмаган ҳар қандай лавҳани ноқонуний деб ҳисоблаш ва уни реклама сифатида солиққа тортишга ҳаракат қилиш амалиёти кузатилмоқда. Хуллас, шаҳар ўтган йилдан буён пешлавҳалар қирғини кетяпти. Тадбиркорларнинг эътирозлари эса Президентгача етиб бориб, тугаётган ҳафтада ушбу масала давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда муҳокама қилинди.

Хусусан, давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда тадбиркорлик субъектларининг пешлавҳалари ва бренд белгиларини жойлаштириш, умумий овқатланиш ва савдо объектлари учун айрим маъмурий талаблар, меҳнат муносабатларидаги тартиб-таомиллар, нақд пулсиз тўловлар, солиқ имтиёзларини қўллаш, молиявий жарималар, ташқи иқтисодий фаолиятдаги ҳужжатбозлик каби масалалар кўриб чиқилди.

Ушбу йиғилишда, корхона номи, фаолият тури ёки савдо белгиси акс этган пешлавҳалар ҳам реклама сифатида баҳоланиб, улар учун алоҳида паспорт расмийлаштириш ва тўловларни амалга ошириш талаб этилаётгани, бу эса тадбиркорлар учун қўшимча маъмурий юк бўлиши билан бирга савдо ва хизмат кўрсатиш объектларининг танилиши, мижозлар оқими ва тушумига ҳам таъсир кўрсатаётгани қайд этилди.

Тадбиркорлик субъектининг номи ва фаолият тури тўғрисида бинога жойлаштирилган ахборотни реклама сифатида баҳоламаслик ва бунинг учун тегишли паспортларни расмийлаштиришни бекор қилиш таклиф этилмоқда. Рекламалар ва бошқа ахборот белгиларини жойлаштиришга доир дизайн талабларини тадбиркорлар таклифларини инобатга олган ҳолда босқичма-босқич жорий этиш, юридик шахсларга тегишли транспорт воситаларига ўз савдо белгисини жойлаштириш тартибини соддалаштириш керак.

Шу ўринда савол туғилади. Ҳамон бу масалалар муҳокама қилинар экан, нега энг аввало тадбиркорлик субъектлари фикри ўрганилмади, нега саллани деса, калла олиниб умумий овқатланиш шохобчалари, ресторан, дўкон, дорихоналарнинг пешлавҳалари кунни кун демай, тунни тун демай юлиб, кўча юзига улоқтириб кетилди. Мулк дахлсизлиги писанд қилинмади, нега тадбиркорларнинг дод-фарёдини ҳоким тингламади. Ҳамон тизим ва тартиб қилинар экан, шаҳарнинг бир неча туманларида янги барпо этилган 24/7 ишлайдиган кўчаларда мана шу янги тартиблар бир неча дизайнда тақдим этилиб, овозга қўйилмади? Нега? Негалар кўп аслида. Тошкент шаҳар ҳокимлиги эса бировга ҳисоб берадиган эмас. Балки шу учун яқиндагина Коррупцияга қарши курашиш агентлиги шаҳар ҳокимлигини очиқлик индекси бўйича мамлакатдаги энг охирги ижро органи сифатида баҳолагандир.

“Тошкент шаҳар ҳокими бошчилигида қилинаётган бу каби бу жинниликлар ва ниҳоят бугун тўхтади. Умид қиламиз энди ҳоким энди ҳеч бўлмаса президентининг топшириғига қарши чиқмаса керак. Ва ниҳоят президентимиз дўконлардаги, савдо объектларидаги умуман барча объектлардаги пешлавҳалар реклама объектлари эмаслиги, “дресс-код”ларни бекор қилиш тўғрисида топшириқ берди. Энди шунча зарарни ким қоплайди. Менимча тадбиркорлар шунисига ҳам шукр қилса керак”, дейди Расул Кушербаев.

Президент ўтказган йиғилишдан кўп ўтмай, тадбиркорларнинг дод-войига пинагини бузмай келаётган Рақобатни ривожлантириш ва истеъмолчилар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш қўмитаси тилга кириб, Ташқи рекламани жойлаштириш тартиби тадбиркорлар фойдасига қайта кўриб чиқилаётганини билдирди. Қўмита “Ташқи ёзувларни тартибга солиш тўғрисида”ги низомни тасдиқлаш ҳақидаги Вазирлар Маҳкамасининг қарори лойиҳасини тайёрланган.

Унда “ташқи ахборот воситаси, “ташқи ёзув”, ахборот кўрсаткичи”, “пешлавҳа”, “эълон”, “маълумотлар тахтаси” каби тушунчаларга аниқ таъриф берилмоқда.

Тадбиркорларга солиқ тизимида ҳам енгилликлар берилади

Ўзбекистонда солиқ маъмурчилиги ва молиявий жарималар йўналишида солиқ имтиёзларини қўллашда юзага келаётган низоли ҳолатлар тобора ортиб боряпти. Президент ўтказган йиғилишда бу масалага ҳам батафсил тўхталиб ўтилди. Унда солиқ қарздорлиги бўйича ҳисобланаётган пеня асосий қарз суммасидан ошиб кетмаслиги бўйича нормани жорий этиш, чек бермаслик ҳолати юзасидан хабар юбориш тизимини суиистеъмол қилиш ҳолатларининг олдини олиш, ҚҚС гувоҳномасини тўхтатиш тартибини такомиллаштириш ҳақида сўз борди.

Шу ўринда яна бир масалага тўхталиш ўринли. 2025 йилда ҳисобварақ-фактуралар бўйича сунъий интеллект жорий этиш масаласи Президентнинг 2025 йил 4 сентябрдаги “Қишлоқ хўжалиги соҳасида қўшилган қиймат солиғини ҳисоблашнинг соддалаштирилган тартибини жорий этиш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармони ва 2025 йил 22 октябрдаги “Сунъий интеллект технологияларини янада ривожлантиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги фармони билан белгиланди. Унга кўра, 2026 йилдан электрон ҳисобварақ-фактуралар хавф даражасига кўра автоматик баҳоланади “қизил-яшил” тизими орқали солиқ рисклари кўрсатилади.

Бу "Tax Gap" (солиқ узилиши) тажрибаси тадбиркорларда бир қанча асосли хавотир ва ноқулайликларни келтириб чиқармоқда. Энг катта ноқулайлик — тадбиркорнинг ўзи ҳалол бўлса-да, унинг ҳамкори (контрагенти) "қизил" статус туфайли жазоланишидир. Қолаверса, сунъий интеллект қандай мезонларга кўра "қизил" бераётгани ҳамиша ҳам тадбиркорга тушунарли эмас. Биз ушбу масалада солиқ эксперти Умиджон Сафаровга юзландик.

“Ушбу ПФ-153 сонли фармон билан ишлаб чиқаришдан тортиб истеъмолгача бўлган жараёнда яратилган қўшилган қийматни солиққа тортиш тизимини назорат қилиш жорий этилди. Буни замонавий усул десак, хато бўлмайди.

Амалиётда эса электрон ҳисоб-фактуралар “яшил”, “сариқ” ва “қизил” тоифаларга ажратилади. Лекин корхона қайси ҳолатда айнан қайси тоифага тушиши ҳақида аниқ тушунтириш берилмаган.Аслида эса менинг корхонам ҳалол ва интизомли солиқ тўловчи бўлиши мумкин. Аммо электрон ҳисоб-фактуралар “қизил” эмас, “яшил” тоифада чиқиши учун нима қилиш кераклиги ҳақида аниқ тушунтиришлар йўқ.

Қисқача айтганда, ўйин қоидалари норматив ҳужжатларда очиқ белгилаб берилмаган. Бу эса тадбиркорлар учун қатор қийинчиликларни келтириб чиқармоқда. Кўпчилик ҳалигача ҳисоб-фактуралари “яшил” тоифага тушиши учун нима қилиш кераклигини билмайди. Агар ушбу қоидалар аниқ ва очиқ белгиланса, ҳалол солиқ тўловчилар учун янада қулай шароит яратилар эди. Шу билан бирга, улар солиқдан қочувчи инсофсиз тадбиркорлардан ўзини ҳимоя қилиш имкониятига ҳам эга бўларди”, деди солиқ эксперти.

Давлат раҳбари иштирокидаги йиғилишда умумий овқатланиш корхоналарига қўшилган қиймат солиғининг бир қисмини қайтариш тартибини соддалаштириш, айрим савдо, умумий овқатланиш ва хизмат кўрсатиш объектлари учун экологик экспертиза ҳамда компенсация тўловлари билан боғлиқ тартибларни енгиллаштириш, шунингдек, меҳнат муносабатларида иш берувчи ва ходим ўртасидаги айрим тартиб-таомилларни аниқлаштириш ҳам таклиф қилинди.

Шавкат Мирзиёев тадбиркорлик учун ортиқча тўсиқларни камайтириш, назорат ва тартибга солиш механизмларини соддалаштириш, рақамлаштириш жараёнларини бизнесга қўшимча юк эмас, қулайлик яратадиган воситага айлантириш кераклигини айтган.

Иккинчи жаҳон уруши: унутилмас хотира ва миллат жасорати

Иккинчи жаҳон уруши — шунчаки унутиладиган ёки ёддан чиқариладиган тарихий воқеа эмас. Ким қандай мақсадда жанг қилгани, қайси иттифоқ таркибида бўлганимиздан қатъи назар, бу урушда 6,8 миллион аҳолига эга бўлган Ўзбекистондан қарийб 2 миллион инсон иштирок этган. Улардан 540 минг нафари жанг майдонларида ҳалок бўлган, 158 мингдан ортиғи бедарак йўқолган, 50 мингдан зиёд юртдошимиз концлагерларда мислсиз қийноқ ва азоблар оқибатида вафот этган. Шунингдек, 60 мингдан ортиқ инсон урушдан ногирон бўлиб қайтган.

Шундай экан, бу уруш ва унда ўзбек халқининг иштироки ҳақида бефарқ ёки тор доирада баҳс юритиш мумкинми? Ахир деярли ҳар бир хонадонда урушнинг оғир изини кўрган, қон кечган инсонлар бўлган.

Президент Шавкат Мирзиёев ҳафта давомида Ғалаба боғини зиёрат қилди. Хотира маросимида иштирок этиб, “Матонат мадҳияси” ёдгорлиги пойига гулчамбар қўйди. Шундан сўнг давлат раҳбари Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ҳамда меҳнат фронти фахрийларини зиёрат қилиб, уларни байрам билан табриклади.

Шу ўринда айтиш жоизки, бу йил Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев имзолаган ҳужжатга мувофиқ, Иккинчи жаҳон уруши қатнашчилари ва ногиронларининг ҳар бирига 30 миллион сўм миқдорида бир марталик пул мукофоти ажратилди.

Давлат раҳбари 8 май куни амалий ташриф билан Москва шаҳрига жўнаб кетди. У 9 май куни Иккинчи жаҳон урушида қозонилган ғалабанинг 81 йиллиги муносабати билан ўтказилган тантанали парадда иштирок этди.

Эрон Юлдуз Усмоновани олқишлади

Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова халқ орасида танилибдики у доим зиддиятлар қуршовида бўлган. Унинг 2005 йилдаги шов-шувли интервьюсини кўпчиликнинг ёдида бўлса керак. Хонанда ўшанда охирги “запрет”ини олганди. 2006 йилдаги “Халқлар дўстлиги” санъат саройидаги концерт учун иккинчи маъмурият давригача охиргиси бўлди. Ўшанда хонанда Туркияда қўним топганди. У ерда ҳам тинч ўтирмади, турк шоу-бизнесини ҳам ишғол қилди. Орадан 11 йил ўтиб Усмоновага қўйилган тақиқлар олиб ташланса ҳам у фақат қўшиқ айтиш билан чекланаётгани йўқ. Гоҳ-гоҳида сиёсий қарашлари, халқаро майдонда содир бўлаётган воқеаларга муносабати билан диққат маркази, баъзан танқидлар қуршовида қолади.

Лекин, негадир Юлдуз ҳақида гап кетганда буюк адиб Ўткир Ҳошимовнинг “Дафтар ҳошиясидаги битиклар” китобидаги келтирилган “Телбаларга таъзим қилинг. Юзта донишманд айтолмаган ҳақиқатни битта телба айтади!” деган гаплари хаёлимдан ўтаверади. Бу танқид эмас жасоратнинг бир тарифидир балки. Исроил Ғазога кенг кўламли ҳужум бошлаган илк кунлардан бошлаб Ўзбекистонда Юлдуз Усмонова Исроилнинг ҳаракатларига қарши чиқиб, ушбу мамлакат маҳсулотларига бойкот эълон қилди.

Бунинг ортидан Усмонованинг 2024 йил 14 сентябрь куни Нью-Йоркда ўтказилиши режалаштирилган концерти Америкадаги яҳудий диаспорасининг норозилиги ортидан бекор қилинди. Усмоновадан узр сўраши талаб қилинди, аммо у узр сўрамади. Концерт Огайо штатидаги Цинциннати шаҳрида ўтказилди.

Жорий йилнинг 9 май куни хонанда яна Нью-Йоркдаги “The Oceana Theater” залида концерт дастурини тақдим этиши керак эди. Бироқ, чипталар тўлиқ сотиб бўлинганига қарамай, маҳаллий сиёсатчилар – Нассау округи раҳбари ва штат губернаторлигига номзод Брюс Блейкман, Нью-Йорк штати Ассамблеяси аъзолари Майкл Новахов ва Алек Брук-Красний Усмоновани антисемитик руҳдаги баёнотларда айблаб чиқди.

“Яҳудий халқига зарар етказишга чақирган ижрочи АҚШга келиб, дунёдаги энг йирик яҳудий жамоаларидан бири яшайдиган ҳудуд марказида концерт беришига йўл қўйиб бўлмайди”, деган Брюс Блейкман. 

Норозилик билдирган фаоллар сўзларига кўра, Усмоновага оммавий равишда баёнотларини рад этиш ва кечирим сўраш таклиф қилинган, аммо у бундан бош тортган. Шунингдек, АҚШ Давлат котиби Марко Рубио номига хонанданинг визасини бекор қилиш талаби билан мурожаат ҳам юборилган.

“Кейинги чораларни кўришдан олдин, менинг идорам у билан боғланиб, баёнотларини қайтариб олиши ва оммавий кечирим сўраши учун имконият берди. У эса рад этди. Энди биз чора кўряпмиз”, деган Блейкман.

Концертга нисбатан эътирозлар ортидан Юлдуз Усмонова ҳам жим ўтиргани йўқ, узр ҳам сўрамади, аксинча, яна Исроилни зўравонлик ва босқинчиликда айблашда давом этди.

“Агар тўйларингизда қўшиқ айтган бўлсам, бу сизларга менинг динимни ҳақорат қилиш ҳуқуқини бермайди. Сиздан пул олган бўлсам, Аллоҳ берган санъатим учун олганман. Сиз яҳудийлар ва сионистлар мени кечирим сўрайди деб ўйласангиз, қаттиқ адашасиз. Мен ўз қарашларимда қатъийман. Мен зўравонликка қаршиман. Ва ҳар доим Фаластин озод бўлсин деб айтаман”, деган хонанда.

Усмонованинг Нью-Йоркдаги концерти расман бекор қилинди. Хонандага виза берилмади, концерт учун сотилган чипталар пуллари эса эгаларига қайтарилади. Юлдуз Усмонова оғир вазиятда Эрон элчихонаси қўллаб чиқди. Эрон Ислом Республикасининг Ўзбекистондаги элчиси Муҳаммадали Искандарий ҳамда элчихонанинг маданий алоқалар бўйича маслаҳатчиси Ҳасан Сафархоний Юлдуз Усмоновага Эрон, Фаластин ва Ливанда ҳалок бўлаётган болалар ва тинч аҳоли томонида тургани учун қўл меҳнати билан тайёрланган совғани юборди.

Соғлиқни сақлаш тизимида катта эврилиш

Тугаётган ҳафтада Ўзбекистон соғлиқни сақлаш тизими катта эврилишга юз тутди. Сўнгги 10 йилликда ушбу тизимдаги олтинчи вазир ишдан олинди. 5 май куни 2024 йилнинг январидан бошлаб Соғлиқни сақлаш вазири лавозимини эгаллаб келаётган Аслиддин Худоёров лавозимидан озод этилиб, унинг ўрнини Президенти Администрацияси Ҳуқуқий экспертиза ва комплекс таҳлил қилиш департаменти шўба мудири лавозимида ишлаб келаётган Элдор Одилов эгаллади.

Худоёров ортидан вазирнинг уч ўринбосари – Алишер Бобоев, Элмира Боситхонова, Фарҳоджон Тошпўлатов лавозимидан бўшатилган. Вазир ва ўринбосарларнинг истеъфосига сабаб сифатида уларнинг бошқа ишга ўтаётгани кўрсатилган. Бироқ ҳозиргача улар қайси лавозимга тайинлангани ҳақида маълумот мавжуд эмас. Истеъфо эса ўта сирли.

Ўша куннинг ўзида 5 киши – Отабек Имомов, Жалолиддин Асамутдинов, Адҳам Худойқулов, Шерзод Муҳаммедов, Илҳомжон Умрзоқов вазирнинг ўринбосари лавозимига тайинланди.

Президентнинг ушбу тизимдан кўнгли тўлмаяпти. Давлат раҳбари ўша куни “Соғлиқни сақлаш тизимида бошқарув самарадорлигини ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги фармонни имзолади. Ҳужжатга мувофиқ, 2026 йил якунига қадар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг марказий аппарати ва унинг ҳудудий бўлинмалари ходимларининг малакаси эгаллаб турган лавозими бўйича баҳоланади. Нолойиқлар кетади!

Самарқандда болалар нотўғри суннат қилингани учун вафот этди

Самарқанд вилоятининг Иштихон туман тиббиёт бирлашмасида суннат қилинган икки бола вафот этди. Гарчи воқеа бундан бир ярим ой содир бўлган эса-да, унинг иси тугаётган ҳафтада чиқди.

Гап шундаки, 2021 йилда туғилган бола туман тиббиёт бирлашмасида жорий йилнинг 22 март куни суннат (циркумцизия) қилинган, бироқ жарроҳлик амалиёти тўлақонли ўтказилмагани сабабли болакай 27 март куни тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган. Унинг отаси айбдорларга нисбатан жазо қўллашни талаб қилган.

Бундан ташқари, туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари томонидан 3 апрель куни “Йўғонтепа” маҳалласида яшовчи 2024 йилда туғилган вояга етмаган яна бир бола суннат (циркумцизия) қилинган. Бироқ у ҳам жароҳати битмасдан 8 апрель куни тиббиёт бирлашмасининг жонлантириш бўлимида вафот этган.

Мазкур ҳолатлар юзасидан ўтказилган терговга қадар текширув ҳаракатлари давомида болаларнинг вафот этгани ҳолатлари юзасидан туман тиббиёт бирлашмаси шифокорлари ва бошқаларнинг қилмишига юзлаштириш, эксгумация қилиш (мурдани кўздан кечириш ва экспертиза ўтказиш мақсадида уни қабрдан чиқариб олиш) ва бошқа бир қатор тергов ҳаракатлари ўтказган ҳолда баҳо бериш лозимлигини инобатга олиб, 2 май куни Иштихон туман прокуратураси томонидан ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 116-моддаси (касб юзасидан ўз вазифаларини лозим даражада бажармаслик) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилган.

Ҳозирда жиноят иши бўйича Иштихон туман прокуратураси томонидан тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.

14 кишини олиб кетаётган мудира автоҳалокатда вафот этди

5 ўриндиқли автомобилга 14 кишининг ўтиришини ақлга сиғдириб бўлмайди. Агар ўша йўловчилар болалар бўлса-чи? Унда бу ҳайдовчи ё “права”ни сотиб олган, ё ақл-хуши жойида эмас. Навоий вилоятининг Нурота туманида 14 нафар болани олиб кетаётган Matiz автоҳалокатга учради.

Оилавий боғчанинг мудираси – 34 ёшли ҳайдовчи тажрибасизлиги ва чалғиши оқибатида руль бошқарувини йўқотган ва йўлнинг чап томонига чиқиб кетиб, ағдарилган. Ҳайдовчи кўрсатилган муолажаларга қарамай, шифохонада вафот этган. Автомобилда бўлган 14 нафар вояга етмаган йўловчи турли тан жароҳатлари билан шифохонага ётқизилган.

Машинада мудиранинг турмуш ўртоғи ва болалари, жумладан, 3 ойлик чақалоғи ҳам бўлган. Шунингдек, уларнинг ҳайдовчилик гувоҳномаси бўлмаган ҳолда йиллар давомида машина бошқариб келгани аниқланган.

Эркак иккинчи хотинини ўлдириш учун қотил ёллади

Ёдингизда бўлса, ўтган ҳафта Сирдарёда аёл кундоши ва унинг 5 яшар қизини пичоқлаб ўлдиргани шов-шувларга сабаб бўлган эди. Бу ҳафта эса Тошкентда норасмий турмуш ўртоғи, катта эҳтимол билан иккинчи хотинини ўлдириш учун 10 минг долларга киллер ёллаган 41 яшар эркак қўлга олинди.

Эркак 1989 йилда туғилган турмуш ўртоғини ўлдириш кераклигини айтиб, ёлланма қотилга келишилган 10 минг доллардан 2 минг долларини берган. Иш тўлиқ амалга ошганидан сўнг, яъни аёл ўлдирилгач, қолган пулларни беришни ваъда қилган.

Буюртмачи ёлланма қотилга аёлнинг яшаш манзили, хонадон рақами, автомобили, кимлар билан яшаши, қачон уйга кириб-чиқиши ҳақида ҳамма маълумотларни берган. Ўша куни жиноят қидирув бўлими ходимлари жабрланувчининг ҳаётини сақлаб қолиш мақсадида унинг ўлими саҳналаштирилган махсус тадбирни амалга оширган.

Аёлни ўлдириш учун ёлланган шахс эса олинган тезкор маълумотлар асосида бироз аввал жиноят қидирув бўлими ходимлари томонидан тезкор қўлга олинган. Натижада қотил жиноятни олдини олиш мақсадида ички ишлар органлари ходимлари билан ҳамкорлик қилган. Шундан сўнг, жорий йилнинг 20 апрель куни ўтказилган тезкор тадбир давомида икки эркак кўришиб, қотил унга турмуш ўртоғини ўлдиргани ҳақидаги хабарни айтган.

Бу хабарни эшитган эркак 6,5 миллион сўм пулларини ҳамда жабрланувчи аёлнинг номида бўлган қора рангли Tracker русумли автомашинани қотилга топширган. Айнан шу вақтда жиноятчи далили ашёлар билан қўлга олинган.

Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан гумонланувчига нисбатан Жиноят кодексининг 97-моддаси (қасддан одам ўлдириш) билан жиноят иши қўзғатилган. Унга нисбатан қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилган, тергов ҳаракатлари давом этмоқда.

Санжар Каримов 5 йилга озодликдан маҳрум этилди

8 май куни жамоатчиликнинг диққат марказида турган суд жараёни – Санжар Каримовга оид жиноят иши бўйича сўнгги суд мажлиси бўлиб ўтди ва ҳукм эълон қилинди.

Унга кўра, айбланувчи Каримовга нисбатан, жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” банди, 112-моддаси (ўлдириш ёки зўрлик ишлатиш билан қўрқитиш) 1-қисми ва 273-моддаси (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш мақсадини кўзлаб қонунга хилоф равишда тайёрлаш, олиш, сақлаш ва бошқа ҳаракатлар қилиш, шунингдек уларни қонунга хилоф равишда ўтказиш) 2-қисмида назарда тутилган жиноятларни содир этишда айбдор деб топилиб, 5 йил муддатга озодликдан маҳрум этиш жазоси ҳамда БҲМнинг 410 баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Шунингдек, ҳукмда жабрланувчи Шаҳло Алимбаевага етказилган моддий зарар қоплангани эътироф этилди. Бундан ташқари жабрланувчи Алимбаева ва Раҳматуллаевага жиноят оқибатида етказилган моддий ва маънавий зарар юзасидан фуқаролик тартибида судга мурожаат этиш ҳуқуқлари тушунтирилди. Санжар Каримов эса суд ҳукмидан норози, у апелляция шикояти киритмоқчи.

Cанжар Каримовга оид иш ўз ниҳоясига етган бўлса-да, унинг яқинлари билан боғлиқ жараёнлар давом этмоқда. Ўтган ой ўрталарида Санжар Каримовнинг божаси – Ғофур Раҳимовнинг жияни Равшан Муҳитдинов Ички ишлар вазирлиги сўрови билан Интерпол орқали халқаро қидирувга берилди. У Жиноят кодексининг 173-моддаси 3-қисми (Мулкни қасддан нобуд қилиш ёки унга зарар етказиш), 242-моддаси 2-қисми (Жиноий уюшма ташкил этиш), 277-моддаси 3-қисми (Безорилик) билан айбланмоқда. Бироқ, Муҳитдинов қандай жиноятни содир этгани, унинг қидирувга берилиши “Санжик” иши билан боғлиқми ёки йўқ, бу ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. QALAMPIR.UZ’га оид бошқа маълумотларга кўра, айни дамда Санжар Каримовнинг қайнотаси ҳам ҳибсланган.

Кўча безорилари қўйиб юборилмаган

2023 йил охирида Ўзбекистонда кўча безориларига қарши ўтказилган “Долзарб 40 кун” рейд тадбирларида кўплаб жиноий гуруҳ фаоллари қаторида қўлга олинган ва 2024 йилнинг август ойида суд ҳукми билан 13 ярим йил озодликдан маҳрум қилинган Бузрук Бузруков қамоқдан чиқариб юборилгани ҳақида хабарлар тарқалди. Бу жорий йилнинг 9 апрель куни Бузрукнинг Instagram’даги саҳифасига янги сурат жойлаштирилгани билан боғлиқ.

Сурат Туркиянинг Истанбул шаҳрида, денгиз соҳилида олинган. Суратга қолдирилган изоҳларда Бузрук Бузруковнинг аксарият кузатувчилари уни қамоқдан озод қилингани билан табриклаб изоҳ ёзган.

QALAMPIR.UZ’нинг ҳуқуқ-тартибот органлари билан боғланиб, Бузрук Бузруковнинг озод этилгани билан қизиқди. Расмийларнинг маълум қилишича, Бузруков озодликка чиқмаган ва айни вақтда Навоий вилоятининг Қизилтепа туманида жойлашган 5-сон жазони ижро этиш колониясида белгиланган жазо муддатини ўтамоқда. 

У Жиноят кодексининг 277-моддаси 2-қисми “а” банди, 165-моддаси 3-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбли деб топилиб, кодекснинг 59-моддаси тартибида тайинланган жазоларни қисман қўшиш йўли билан узил-кесил 13 йил 6 ой озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланган. Тайинланган жазо умумий тартибли колонияларда ўтаттирилиши белгиланган. Унинг жазо муддати 2023 йил 4 декабрдан бошлаб ҳисобланади.

Айтиш ўринлики, Ўзбекистонда 2023 йилда ўтказилган “Долзарб 40 кунлик” рейд тадбирларида қўлга олиниб, суд ҳукми билан озодликдан маҳрум қилинганлардан фақат “Салимбойвачча” номи билан танилган Салим Абдувалиев қўйиб юборилган. У 2025 йилнинг 12 январь куни касаллиги туфайли Жиноят кодексининг 75-моддаси (Касаллик ёки меҳнат қобилиятини йўқотиш оқибатида жазодан озод қилиш) тартибида жазодан озод қилинган ва озодликка чиқарилган. У шу ҳафта – 5 май куни 76 ёшни қаршилади.

Воқеа тафсилотлари билан батафсил танишиш учун QALAMPIR.UZ’нинг YouTube’даги саҳифаси орқали ушбу видеони томоша қилинг.


Мақола муаллифи

Теглар

АҚШ Президент Шавкат Мирзиёев Самарқанд Эрон фармон тақиқ болалар Ғалаба боғи Юлдуз Усмонова жиноят иши Исроил Соғлиқни сақлаш вазири Ғазо тадбиркорлар Сунъий интеллект Марко Рубио Санжар Каримов Пешлавҳалар Тадбиркорлик субъекти молиявий жарималар солиқ тизими технологиялар Давлат раҳбари Хотира маросими нотўғри суннат

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг