Техасда тўполон: АҚШ махфий қуролини адашиб шарларга қарши ишлатди

Олам

image

АҚШ Чегара-божхона хизмати Пентагоннинг махфий лазер тизимини Мексика наркокартелларига тегишли дронлар деб гумон қилинган ҳаво объектларига қарши қўллади. Ҳодиса Техас штатидаги Эль-Пасо шаҳри осмонида содир бўлган. Бу ҳақда “The Wall Street Journal” хабар берди.

Нашр манбаларига кўра, “дрон” деб ҳисобланган объектлар аслида байрам ва кечаларда ишлатиладиган оддий ҳаво шарлари бўлиб чиққан. Лазер қўлланилганидан сўнг Федерал авиация бошқармаси Эль-Пасо фуқаролик аэропорти атрофидаги ҳаво ҳудудини 10 кунга ёпишини эълон қилган. Бу қарор Пентагон, Оқ уй ва Ички хавфсизлик вазирлигига олдиндан маълум қилинмаган. Натижада шаҳарда бир неча соатлик тартибсизлик юзага келган: шифохоналар тиббий рейсларни бошқа манзилга йўналтиришга мажбур бўлган, йўловчилар эса режаларини ўзгартирган. Бир неча соатдан кейин чекловлар бекор қилинган.

WSJ манбаларига кўра, ҳодисага Пентагон, Фуқаролик авиацияси бошқармаси ва Чегара-божхона хизмати бўйсунувчи Ички хавфсизлик вазирлиги ўртасидаги тушунмовчилик сабаб бўлган.

Нашрнинг ёзишича, жорий йилнинг январь ойида АҚШ Мудофаа вазири Пит Ҳегсет AeroVironment компаниясининг Locust лазер тизимини Чегара-божхона хизмати ихтиёрига беришни маъқуллаган. Пентагон ушбу қуролни ўтган йилдан бери Fort Bliss ҳарбий базасида синовдан ўтказмоқда.

Жорий йилнинг 9 февраль куни Чегара-божхона хизмати Фуқаролик авиацияси бошқармасини Форт-Блисс яқинида лазер қуролини қўллаш нияти ҳақида хабардор қилган. Авиация идораси тижорий авиарейслар учун хавф туғилиши мумкинлигини айтган ҳолда бунга қарши чиққан. Бироқ чегара хизмати Фуқаролик авиацияси бошқармаси эътирозларини инобатга олмасдан лазер тизимини ишга туширган.


Мақола муаллифи

Теглар

Пентагон махфий лазер тизими наркокартел

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг