“Тобутимни кўтармай қўя қолинг”. Яқинларнинг таънаси ва муҳожирлик ҳаёти

Интервью

Ўзбекистонда барқарор иш, обрўли фаолият ва яқинлари бағрида осойишта ҳаёт – кўпчилик учун орзу қилинадиган манзара. Аммо баъзида ҳаёт инсонни айнан шу қулайликлардан воз кечиб, бутунлай янги йўл танлашга ундайди. Анқарада яшаётган Абдулазиз Аҳмад ҳикояси ҳам айнан шундай қарорлар, таваккал ва синовлар ҳақида.

У Ўзбекистонда мактабгача ва мактаб таълими тизимида фаолият юритган, нашриёт ва журналларда ишлаб тажриба орттирган мутахассис эди. Аммо у ўз ҳаётини резюмедаги чиройли сатрлар эмас, балки қабул қилган қарорлари белгилашини танлади. Турмуш ўртоғи Туркияда ўқиш учун грант ютганидан сўнг Абдулазиз ҳаммасини ортда қолдириб, унинг ортидан Анқарага йўл олди.

Бу қарор осон кечмади. Уйдаги бор-будини сотиб, атиги 700 доллар билан йўлга чиққан Абдулазиз учун янги ҳаёт кутилганидан анча мураккаб бошланди. Тилни билмаслик, иш ва тураржой муаммолари, бюрократик жараёнлар – буларнинг барчаси бир вақтнинг ўзида бошига тушди. 

Туркияда уй ижараси тизими ҳам у ўрганиб қолган тартибдан мутлақо фарқ қиларди. Депозит, олдиндан тўлов, маклер ҳақи, коммунал хизматларни расмийлаштириш – буларнинг бари янги муҳитга мослашишни янада қийинлаштирди.

Дастлаб улар оддий меҳмонхонада яшади. Иш топиш эса яна бир муаммо эди. Охир-оқибат Абдулазиз балиқ ресторанида ишлашга мажбур бўлди. У на тилни биларди, на балиқ тозалашни. Шунга қарамай, яшаш учун ҳар қандай ишга рози бўлди. Кунига 12 соат ишласа-да, даромади жуда кам эди.

Аммо ҳақиқий бурилиш унинг турмуш ўртоғи ташаббуси билан бошланди. У миллий таомлар тайёрлашни биларди ва шу кўникмасини ишга солишга қарор қилди. Аввалига оддийгина ижтимоий тармоқларда эълон берилди. Биринчи буюртмалар кела бошлади. Шу тариқа улар уй шароитида ўзбек миллий таомларини тайёрлаб сотишни йўлга қўйди.

Анқарада ўзбек ошхоналари камлиги, етказиб бериш хизматининг йўқлиги бу ишни тез ривожлантиришга ёрдам берди. Абдулазиз ҳам ресторан ишини ташлаб, оилавий бизнесга қўшилди. Ош, манти, сомса, шўрва – булар орқали улар нафақат даромад топди, балки ватандошлар учун ҳам хизмат қилди.

Шу билан бирга, Абдулазиз яна бир йўналишда ҳам ҳаракат қилди – китоб савдоси. У Туркиядаги китоб дўконларидан илмий ва бадиий адабиётларни топиб, Ўзбекистондаги талабгорлар учун етказиб беришни йўлга қўйди. Ижтимоий тармоқлардаги фаоллиги бу ишни ҳам ривожлантирди.

Бироқ бу йўл осон кечмади. Молиявий қийинчиликлар, турмуш ўртоғининг кам стипендияси, ҳатто ҳомиладорлик давридаги муаммолар – буларнинг барчаси уларнинг сабрини синади. Баъзан ортга қайтиш фикри ҳам пайдо бўлган. Аммо айнан шундай вазиятларда унинг турмуш ўртоғи таслим бўлмасликка ундаган.

Бугун Абдулазиз ортга назар ташлар экан, энг муҳим сабоқ сифатида тайёргарлик ва реал қарашни таъкидлайди. Унинг айтишича, хорижга келишдан олдин тилни ўрганиш энг зарур омиллардан бири. “Тил яқин” деган тасаввур амалда ишламаслигини у ўз тажрибасида кўрган.

Ушбу интервьюни тўлиқ шаклда юқоридаги видеоплеерда ёки QALAMPIR.UZ’нинг YouTube каналида томоша қилишингиз мумкин.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия ресторан стипендия ҳомиладорлик интервью турмуш муаммолар Тобут Абдулазиз Аҳмад муҳожирлик ҳаёти Депозит Молиявий қийинчиликлар

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

5

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг