“Толибон” дарёда тўғон қурмоқчи

Олам

image

“Толибон” ҳаракати етакчиси Ҳайбатуллоҳ Охундзода Афғонистон Энергетика ва сув хўжалиги вазирлигига имкон қадар тез фурсатда Кунар дарёсида тўғон қурилишини бошлаш ҳақида топшириқ берди. Бу ҳақда “Afghanistan International” хабар берди.

Вазир вазифасини бажарувчи Абдул Латиф Мансурнинг айтишича, Охундзода хорижий компанияларни кутмасдан, маҳаллий пудратчилар билан шартнома тузиш орқали лойиҳа ишларини тезлаштиришни буюрган.

“Афғонлар ўз дарёлари устидан тўлиқ бошқарув ҳуқуқига эга. Биз сув бойликларимиздан ўз манфаатимиз учун фойдаланишимиз керак”, дейди Мансур.

Кунар дарёси Афғонистоннинг беш йирик дарёсидан бири бўлиб, у Покистоннинг Читрал туманидан бошланади (бу ерда Читрал дарёси дейилади) ва тахминан 480 километр йўл босиб, Қобул дарёсига қўшилади, сўнгра яна Покистон ҳудудига оқиб ўтади.

Қобул дарёсининг катта қисми Покистонга киради. Шу сабабли Покистоннинг айрим провинциялари, жумладан, Хайбар Пахтунхва – Афғонистон сувига боғлиқ. Афғонистон сув ресурсларига бой бўлса-да, йиллаб давом этган урушлар бу имкониятлардан тўлиқ фойдаланишга тўсқинлик қилиб келган.

Маълумот учун, “Толибон”нинг Кунар дарёсида тўғон қуриш ташаббуси сўнгги ҳафталарда Покистон билан муносабатлар кескинлашган бир пайтга тўғри келмоқда. Сув масаласи тарихан икки давлат ўртасидаги энг нозик мавзулардан бири ҳисобланади. Ҳозирча Афғонистон ва Покистон ўртасида расмий сув тақсимоти бўйича ҳеч қандай битим йўқ, сувдан фойдаланиш одатлар ва анъанавий келишувларга асосланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистон ва Покистон Доҳада ўтган музокаралар давомида зудлик билан ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувга эришганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Толибон дарё тўғон

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг