“Толибон” университетларда аёллар ёзган китобларни тақиқлади
Олам
−
19 Сентябрь 2075 1 дақиқа
“Толибон” муваққат ҳукумати Афғонистон университетларига аёллар томонидан ёзилган барча китобларни ўқув дастурларидан чиқариш ҳақида буйруқ берди. Бу ҳақда “Zan Times” хабар берди.
Маълум қилинишича, тақиқ остига жами 680 китобдан 140 таси тушган бўлиб, уларнинг барчаси аёл муаллифлар томонидан ёзилган.
Шунингдек, “Толибон” 18 та университет фанини ҳам ман этган. Расмийлар бу фанлар “шариат тамойиллари ва ҳаракат сиёсатига зид” эканини таъкидламоқда. Тақиқланган фанлар орасида “Гендер ва тараққиёт”, “Аёллар социологияси”, “Мулоқотда аёлларнинг роли” каби йўналишлар ҳам бор.
Ҳуқуқ ҳимоячиларининг фикрича, бу қарор Афғонистонда аёллар ва қизларнинг таълим олиш имкониятларини янада кескин чеклайди. Аёл муаллифларнинг асарларини тақиқлаш эса илмий соҳада цензура ва фикр эркинлигига жиддий зарба бўлиши мумкин.
Мутахассислар огоҳлантиришича, университетларда ўқув дастурларини тўлдириш ва таълим сифатини сақлаб қолишда ҳам катта муаммолар юзага келади, чунки тақиқланган китоблар орасида кенг қўлланиладиган асосий дарсликлар ҳам бор.
Халқаро ҳамжамият эса бу қарорни аёлларга нисбатан камситиш сиёсатининг навбатдаги босқичи сифатида баҳоламоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати расмийлари Қандаҳор вилоятида аёлларга радио орқали кўнгилочар дастурларни олиб боришни тақиқлаганди.
Live
Барчаси“Самарқанд дарвоза”да Tahoe ёниб кетди
19 Декабрь