Тошкент вилояти боғчаларидаги оммавий заҳарланиш: иш судга оширилди 

3-саҳифа

image

2025 йилнинг сентябрь ойида Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар оммавий заҳарланган эди. Мазкур ҳолат бўйича айблов хулосаси тасдиқланиб, иш судга оширилди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.

Унинг билдиришича, жорий йил 10 февраль куни Тошкент вилояти прокуратураси томонидан айблов хулосаси тасдиқланиб, Жиноят-процессуал кодексининг 388-моддасига (жиноят ишини судга юбориш) асосан тегишли судловга юборилган. 

Маълумотларга кўра, 11 кишига Жиноят кодексининг 186-моддаси 4-қисми “б” банди (хавфсизлик талабларига жавоб бермайдиган товарларни ўтказиш мақсадини кўзлаб ишлаб чиқариш, сақлаш, ташиш ёхуд ўтказиш, ишлар бажариш ёки хизматлар кўрсатиш) ва 257-1-моддаси 1-қисми (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) билан айблов эълон қилинган. Уларнинг 10 нафарига қамоққа олиш ва 1 нафарига уй қамоғи эҳтиёт чораси қўлланган.

Ўзи нима бўлган эди?

2025 йилнинг 25 сентябрь куни Тошкент вилоятининг Пискент, Бўка, Оққўрғон ва Қуйи Чирчиқ туманларидаги мактабгача таълим ташкилотларида тарбияланаётган болалар овқатдан оммавий заҳарлангани маълум бўлди.

Ушбу ҳолат ортидан Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармаси томонидан Жиноят кодексининг 257-1-моддаси (санитарияга оид қонунчиликни ёки эпидемияга қарши кураш қоидаларини бузиш) 1-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатлари бошланди.

Дастлабки тахминларга кўра, болалар соғлиғидаги ўзгаришларга сифатсиз сут маҳсулотлари сабаб бўлган бўлиши мумкин. Мактабгача таълим ташкилотларига шу куни олиб борилган 3,2 фоизли кефир маҳсулоти Оққўрғон туманидаги цехларнинг бирида ишлаб чиқарилгани аниқланган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик ва жамоат саломатлиги қўмитаси раисининг биринчи ўринбосари Нурмат Отабековга кўра, жами 1922 нафар, шу жумладан, бемор болалар билан мулоқотда бўлган бошқа болалар ҳам тиббий кўрик билан қамраб олинган, улардан 959 нафарида ҳеч қандай клиник белгилар бўлмагани учун дарҳол уйларига жавоб бериб юборилган. Қолаверса, 269 болага даволанишдан сўнг уйига жавоб берилган. Кейинроқ эса яна 694 бола даволанган.


Мақола муаллифи

Теглар

суд Тошкент вилояти оммавий заҳарланиш

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг