Тошкентда интернет орқали “героин” тарқатаётганлар ушланди
3-саҳифа
−
15 Ноябрь 2434 2 дақиқа
Тошкент шаҳрида ўтказилган тезкор тадбирларда 30 гр “синтетик” ҳамда 55 гр “героин” гиёҳвандлик воситаларини интернет орқали тарқатмоқчи бўлган шахслар қўлга олинди. Бу ҳақда Божхона қўмитаси хабар берди.
Маълум қилинишича, Тошкент вилоят Божхона бошқармасининг Контрабандага қарши курашиш бўлими ходимлари томонидан давлат хавфсизлик хизмати вакиллари билан ҳамкорликда пойтахтнинг Бектемир туманида ўтказилган тезкор тадбирда гиёҳвандлик воситаларини интернет орқали тарқатишга уринган шахслар қўлга олинган.
1994 йилда туғилган ва пойтахтнинг Миробод туманида истиқомат қилувчи 2 нафар маҳалладошлар Бектемир туманидаги кўчалардан бирининг четида дарахт остига яширилган гиёҳвандлик воситаларини излаётган вақтида тезкор тадбир иштирокчилари томонидан ушланган. Ушбу шахсларга мазкур локация телефонларидаги мессенжерлар орқали олдиндан йўлланган.
Тезкор тадбир давомида ҳақиқатдан ҳам ушбу манзилдаги дарахт остига 4 дона ўрамда тахминан 30 гр оғирликдаги “синтетик” гиёҳвандлик воситаси яширилгани аниқланган. Марказий божхона лабораторияси томонидан ўтказилган экпертиза натижаларига кўра, ушбу модда қора бозорда флекка ёки грейвел деб номланаувчи аслида эса "α-ПвП" синтетик гиёҳвандлик воситаси бўлиб чиққан.
Қолаверса, мазкур шахсларнинг телефонига Бектемир туманидан ташқари Мирзо Улуғбек, Учтепа ва Чилонзор туманларидаги обектлар бўйича жами 55 та локация йўлланган бўлиб, тезкор тадбир иштирокчилари ушбу манзилларнинг барчасини бирма бир кўздан кечирган.
Натижада, қўп қаватли уйлар йўлакларидаги эшиклар орасига, зинапоялар остига, электр ҳисоблагичлар орқасига ва бошқа кўплаб кўз илғамас жойларга ҳар бири ўртача 1 гр оғирликдаги жами 55 гр “героин” гиёҳвандлик воситаси яширилганлиги аниқланган. Ушбу моддалар тегишли тартибда ҳужжатлаштирилиб, ашёвий далил тариқасида олиб қўйилган.
Билдирилишича, мазкур локацияларнинг барчаси турли аҳоли гавжум жойлар, мактаб ҳамда олий таълим муассасаларига яқин ҳудудларга жойлаштирилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан божхона органлари томонидан жиноят иши қўзғатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Наманган вилоятида Қирғиз Республикасидан айланма йўллар орқали 9 кг 702 гр “гашиш” ва қиймати 3,2 млрд сўмдан ортиқ бўлган кучли таъсир қилувчи дори воситалари олиб кирган шахслар ушланганди.