Тошкентда йигитларга пранк қилган блогер қиз жазоланиши мумкин (видео)
Олам
−
23 Октябрь 18371 1 дақиқа
Тошкент метросида йигитларга пранк қилган қозоғистонлик машҳур блогер иши судга оширилди. Бу ҳақда Олмаота шаҳри полицияси хабар берди.
Қайд этилишича, блогер ижтимоий тармоқларда жамоат жойидаги одобсиз хатти-ҳаракатлари акс этган видеоларни тарқатган.
“Фуқаро А. Ўзбекистон метросида бўлган вақтида атайлаб йўловчиларга тегажоғлик қилган, бу жараённи видеога олиб, шахсий саҳифаларида жойлаштирган. Мазкур ҳолат бўйича майда безорилик моддаси асосида маъмурий иш қўзғатилди. Материаллар судга юборилди”, дейилади полиция баёнотида.
Ҳуқуқ-тартибот идорасининг маълум қилишича, А. аввал ҳам шунга ўхшаш хатти-ҳаракатлар содир этган, шундан сўнг у билан профилактик суҳбат ўтказилган, бироқ у бу ҳолатдан тўғри хулоса чиқармаган.
“Бундай ҳаракатлар жамоат ахлоқига ҳурматсизлик ифодаси бўлиб, белгиланган одоб меъёрларини бузади. Полиция жамоат жойларида ахлоқсиз, провокацион ёки шаънни камситувчи хатти-ҳаракатларнинг ҳар қандай шакли қонун билан жавобгарликка сабаб бўлади”, дейилади баёнотда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистоннинг Олмаота шаҳрида блогер ўзини тириклайин кўмиб, қабр ичида жонли эфир олиб борган эди. Видео тармоқларда тарқалгандан кейин кўпчилик блогернинг ҳаракатларини қоралаган. Олмаота шаҳар полицияси воқеага муносабат билдириб, мазкур ҳолат юзасидан текширув ўтказилиши ва қонунчиликка мувофиқ чоралар кўрилишини билдирган.
Live
Барчаси