Тожикистон Мудофаа саноати қўмитасини қайта тиклади
Олам
−
20 Май 699 2 дақиқа
Тожикистонда орадан 24 йил ўтиб мамлакат ҳукумати ҳузурида Мудофаа саноати қўмитаси қайта ташкил этилди. Тегишли қарорни мамлакат Президенти Имомали Раҳмон имзолади.
Ҳужжатга кўра, қўмита марказий аппарати ходимларининг чекланган сони техник ходимларни ҳисобга олмаганда 38 кишини ташкил этади. Саккизта лавозим ҳарбий хизматчилар учун кўзда тутилган. Янги идорага раиснинг икки нафар ўринбосари, жумладан, бир нафар биринчи ўринбосари, шунингдек, етти кишидан иборат ҳайъат аъзоларига эга бўлишга рухсат берилган. Қўмита фаолияти учун тўртта хизмат автомобили ажратилиши лозим.
Инвестициялар ва давлат мулкини бошқариш давлат қўмитасига янги идорани маъмурий бино билан таъминлаш, Молия вазирлигига эса республика бюджетидан маблағ ажратиш топширилган. Қўмита тўғрисидаги низомнинг тўлиқ матни, унинг тузилмаси ва бўйсунувидаги ташкилотлар рўйхати ҳозирча эълон қилинмаган.
Бунгача мудофаа саноати масалалари Тожикистон Саноат ва янги технологиялар вазирлиги ваколатига кирган. Эндиликда тегишли ваколатлар ушбу идорадан олиб ташланади: Саноат вазирлиги тўғрисидаги низомдан мудофаа саноати билан боғлиқ бандлар ва иборалар чиқариб ташланади.
Маълумот учун, Мудофаа саноати қўмитаси Тожикистонда илгари ҳам мавжуд бўлган: у 1997 йилда ташкил этилиб, 2002 йилда тугатилган ва вазифалари Саноат вазирлигига ўтказилган. Ҳозирги вақтда мамлакатда мудофаа саноати соҳасига оид камида битта корхона фаолият юритаётгани маълум. 2023 йилнинг май ойида Турсунзода шаҳрида “Сипар Групп” корхонаси ишга туширилган бўлиб, унинг асосий фаолият йўналиши махсус ҳарбий ва фуқаролик техникаларини йиғишдан иборат деб кўрсатилган.
Давлат инвестиция қўмитасининг хабар беришича, корхона 15 миллион доллар миқдоридаги хорижий инвестициялар ҳисобига қурилган. Унинг йиллик ишлаб чиқариш қуввати Тожикистон Қуролли кучлари учун 120 тагача махсус техника етказиб бериш даражасида эканлиги баён қилинган. Шунингдек, махсус транспортнинг 17 турини йиғишни йўлга қўйиш ва истиқболда маҳсулотни хорижга экспорт қилиш режалари ҳақида ҳам хабар берилган.
Live
Барчаси