Трамп Эрон урушига қўшилмаган НАТО давлатларини кескин танқид қилди
Олам
−
17 Март 2499 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп НАТО давлатларини Эронга қарши урушда иштирок этишни истамаётгани учун танқид қилди. Бу ҳақда у бугун, 17 март куни ўзининг Truth Social ижтимоий тармоғидаги шахсий саҳифасида ёзди.
“НАТО бўйича иттифоқчиларимизнинг аксарияти АҚШга Яқин Шарқдаги Эрон режимига қарши ҳарбий амалиётимизда иштирок этишни истамасликларини маълум қилишди. Бу деярли ҳар бир давлат биз қилаётган ишларни қатъий қўллаб-қувватлагани ва Эронга ҳеч қандай ҳолатда ядровий қуролга эга бўлишга йўл қўйиб бўлмаслигига рози бўлганига қарамай юз бермоқда.
Бироқ мен уларнинг бу ҳаракатларидан ҳайратда эмасман, чунки мен доим НАТОни – биз ушбу мамлакатларни ҳимоя қилиш учун йилига юзлаб миллиард доллар сарфлайдиган ташкилотни – бир томонлама кўча деб ҳисоблаганман. Биз уларни ҳимоя қиламиз, лекин улар биз учун, айниқса оғир дамларда ҳеч нарса қилишмайди”, деб ёзди Трамп.
Шу билан бирга, Оқ уй раҳбари АҚШ гўёки НАТО ёрдамисиз ҳам Эрон Қуролли кучларини аллақачон “йўқ қилиб бўлганини” билдирган.
“Энг муҳими, уларнинг деярли барча даражадаги етакчилари йўқ қилинди ва энди ҳеч қачон бизга, Яқин Шарқдаги иттифоқчиларимизга ёки дунёга таҳдид сола олмайди! Биз бундай ҳарбий муваффақиятга эришганимиз сабабли бизга энди НАТО давлатларининг ёрдами “керак эмас” ва мақсадга мувофиқ ҳам эмас – бу бизга ҳеч қачон керак бўлмаган! Худди шу гап Япония, Австралия ёки Жанубий Кореяга ҳам тегишли.
Аслида, дунёдаги энг қудратли давлат бўлмиш Америка Қўшма Штатлари Президенти сифатида айтяпманки, бизга ҳеч кимнинг ёрдами керак эмас”, дейди Трамп.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқининг ташқи ишлар бўйича Олий вакили Кая Каллас АҚШ ва Исроилни Эронга қарши урушни якунлашга чақирганди.
Қайд этиш жоиз, шунингдек Дональд Трамп НАТО бўйича иттифоқчилари ва ҳамкор давлатларга мурожаат қилиб, Ҳормуз бўғозида кемалар қатнови хавфсизлигини таъминлашда ёрдам беришга чақирганди. Бироқ кўплаб Европа давлатлари АҚШ Президенти Дональд Трампнинг нефть, газ ва бошқа товарлар транзити учун ўта муҳим нуқта бўлган бўғоздаги Эрон блокадасини ёриб ўтиш миссиясида иштирок этиш ҳақидаги чақириқларини рад этди.
Live
Барчаси