Трамп Эронга шарт қўйди
Олам
−
30 Май 5460 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эрон билан эҳтимолий келишув қандай шартлар асосида тузилиши мумкинлигини маълум қилди. Бу ҳақда у Truth Social тармоғида ёзиб қолдирди.
Унинг айтишича, Теҳрон ҳеч қачон ядро қуролига эга бўлмаслигини кафолатлаши керак. Шунингдек, Ҳормуз бўғози зудлик билан очилиши ва ҳар икки йўналишда кемаларнинг эркин ҳаракати таъминланиши лозим.
Трамп илгари сурган асосий талаблар:
- Эрон ядро қуролига эга бўлмаслигини расман тасдиқлаши керак;
- Ҳормуз бўғозидаги барча денгиз миналари бартараф этилиши лозим;
- Бўғозда қолиб кетган кемалар эркин ҳаракатлана олиши керак;
- Эроннинг бойитилган урани АҚШ, Эрон ҳукумати ва Халқаро атом энергияси агентлиги ҳамкорлигида олиб чиқилиб, йўқ қилиниши керак;
- Алоҳида қарор қабул қилинмагунча томонлар ўртасида пул алмашинуви амалга оширилмайди.
“Муҳимлиги анча паст бўлган бошқа масалалар аллақачон келишиб олинган. Энди якуний қарор қабул қилиш учун вазият хонасида йиғилиш ўтказаман”, деб ёзди Трамп.
Аввалроқ, ОАВ АҚШ ва Эрон 60 кунлик ўт очишни тўхтатиш меморандуми бўйича келишувга эришгани ҳақида хабар берган эди. Ҳужжатга кўра, Ҳормуз бўғозидан кемалар бож ва чекловларсиз ҳаракатланиши, Эрон эса 30 кун ичида бўғоздаги барча миналарни олиб ташлаши керак.
Маълумотларга кўра, Эрон ҳозирда тахминан 440 килограмм юқори даражада бойитилган уранга эга. Бу захираларнинг асосий қисми Исфаҳон шаҳрида сақланмоқда.
Live
Барчаси