Трамп Колумбия Президентини “ярамас қароқчи” деб атади
Олам
−
24 Октябрь 3030 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Колумбия Президенти Густаво Петрога қарши айблов ва таҳдидлар билан чиқиб, уни “ярамас ва қароқчи” деб атади. Бу ҳақда у кеча, 23 октябрь куни Оқ уйда журналистлар билан суҳбатда сўз очди.
Трампнинг сўзларига кўра, АҚШ бундан буён Колумбияда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқарилишига “чидай олмайди”.
“Колумбия – бу гиёҳванд моддалар уйи. Улар биз илгари ҳеч қачон кўрмаган миқдорда кокаин ишлаб чиқармоқда ва уни сотмоқда. Энди бундан қутула олишмайди. Биз эса бунга энди чидай олмаймиз”, дейди у.
АҚШ етакчиси Колумбия Президенти Густаво Петрони “ярамас ва қароқчи” деб ҳам атаган.
Трамп Колумбиядан ташқари Венесуэладан ҳам норози эканини билдирган. Унинг айтишича, бу мамлакат ҳам АҚШга гиёҳванд моддалар етказиб беришда иштирок этмоқда. Трамп ва АҚШ Уруш вазири Пит Ҳегсет Жанубий Америкадаги наркокартелларни террорчи гуруҳларга қиёслаб, уларга қарши тегишли чоралар кўрилишига ваъда берган.
“Энди бутун дунё билиши керак: картеллар – бу ғарбий яримшарнинг ИШИДи. Раҳмат сенга, Жо Байден, бунга йўл қўйганинг учун. Байден мамлакатимизни картелларга топширди”, дейди Трамп.
У АҚШга гиёҳванд моддалар олиб кираётганларни “йўқ қилишга” ҳам ваъда берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Трамп АҚШга кетаётган йирик сувости кемаси йўқ қилинганини маълум қилган эди. Унинг айтишича, кема Колумбиядан гиёҳванд моддалар олиб кетаётган бўлиб, уларнинг АҚШ ҳудудига кириб бориши “25 минг кишининг ўлимига сабаб бўлиши мумкин бўлган”.
Шундан сўнг Колумбия Президенти Густаво Петро Трампнинг баёнотига ғазаб билан жавоб берди. Петронинг фикрича, АҚШ Колумбиянинг суверенитетини бузган ва бегуноҳларни ўлдирган.
Бунга жавобан Трамп Петрони “гиёҳванд моддалар ноқонуний савдосининг раҳбари” деб атаган ва Колумбияга берилаётган барча субсидияларни бекор қилган. Шунингдек, у Колумбия Президентидан мамлакатда гиёҳванд моддалар ишлаб чиқаришни имкон қадар тез тўхтатишни, акс ҳолда “буни АҚШнинг ўзи амалга оширишини” айтган.
Live
Барчаси