Трампдан чўчиган Ким гипертовушли ракеталарини синовдан ўтказди

Олам

image

Кеча, 4 январь куни Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) АҚШнинг Венесуэлада амалга оширган операцияси фонида гипертовушли ракеталарни учириш бўйича машғулотлар ўтказди. Бу ҳақда Корея Марказий телеграф агентлиги хабар берди.

Агентлик баёнотига кўра, учиришлар Пхеньяндаги Рёкпхо ҳудудидан амалга оширилган. Ракеталар Япония денгизи акваториясида минг километр масофадаги нишонларни уриб туширган. КХДР етакчиси Ким Чен Ин шахсан машғулотларни кузатган.

“Биз ҳарбий воситаларни, аввало ҳужумкор қурол тизимларини изчил такомиллаштириб боришимиз керак. Бу ўзини ҳимоя қилиш учун зарур чора. Очиғини айтганда, бундай фаолиятимиз ядровий тийиб туриш салоҳиятини босқичма-босқич юқори ривожланиш даражасига етказишга қаратилган. Бунинг зарурлигини сўнгги геосиёсий инқироз ва мураккаб халқаро вазият яққол тасдиқламоқда”, дейди Ким Чен Ин.

“Reuters”нинг ёзишича, таҳлилчилар синовларни Пхеньяннинг АҚШнинг Венесуэлага берган зарбаларидан хавотири билан боғламоқда. Корея миллий бирлашув институти эксперти Хон Мин Кимнинг “сўнгги геосиёсий инқироз” ҳақидаги ибораси айнан шунга ишора қилишини айтган.

Бундан ташқари, бир кун аввал КХДР АҚШнинг Венесуэладаги операциясини қоралаб, уни суверенитетга тажовуз деб атаган. Шу билан бирга, ракета учирилиши Жанубий Корея Президенти Ли Чже Мённинг Хитойга жўнаб кетишидан бир неча соат олдин содир бўлган – у ерда у ХХР раиси Си Сзинпин билан учрашув ўтказишни режалаштирмоқда.

Жанубий Корея ОАВларига кўра, 4 январь тонгида КХДР Япония денгизи томон бир нечта баллистик ракетани учирган. Ракеталар Пхеньян атрофидан учирилган ва тахминан 900 км масофани босиб ўтган. Ракеталар учирилиши муносабати билан Жанубий Корея ҳукумати миллий хавфсизлик масалалари бўйича шошилинч йиғилиш ўтказган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Япония Денгиз хавфсизлиги хизмати Корея Халқ Демократик Республикаси (КХДР) томонидан яна бир эҳтимолий ракета учирилганини аниқлагани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ким Чен Ин гипертовушли ракета Корея Халқ Демократик Республикаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг