Тўқаев Трампга $ 1 млрд бердими?
Олам
−
23 Январь 9059 2 дақиқа
Қозоғистон Республикаси Ғазо бўйича “Тинчлик кенгаши”га $1 млрд миқдоридаги бадалсиз аъзо бўлди. Бу ҳақда Президент Қосим-Жомарт Тўқаевнинг матбуот хизмати журналистларга маълум қилди.
“Тинчлик кенгашига аъзо бўлиш учун давлатнинг мутлақ суверен қарори талаб этилади. Кенгашга аъзо бўлган пайтдан бошлаб давлатнинг Кенгашда бўлиш муддати уч йилни ташкил этади. Низомда кўрсатилган 1 миллиард доллар миқдоридаги ихтиёрий бадал аъзолик шарти ҳисобланмайди. Бу ҳар бир иштирокчининг ҳуқуқи. Агар бундай бадал биринчи йил давомида амалга оширилса, давлат Кенгашда бўлиш муддатини белгиланган уч йиллик муддатдан кўпроқ узайтириш имкониятига эга бўлади. Қозоғистон “Тинчлик кенгаши”га ҳеч қандай молиявий ҳисса қўшмасдан аъзо бўлди, бу Низом қоидаларига тўлиқ мос келади”, дейилади хабарда.
Кеча, 22 январь куни 19 мамлакат вакиллари Давосдаги Жаҳон иқтисодий форуми доирасида Ғазо секторида тинчлик ўрнатиш доирасида тузилган “Тинчлик кенгаши” низомини имзолади. Кенгаш ташаббускори АҚШ Президенти Дональд Трампнинг айтишича, ташкилотга бошқа давлатлар ҳам қўшилган.
“Тинчлик кенгаши” Исроил ва Фаластиннинг ҲАМАС радикал ҳаракати ўртасида Ғазо секторини бошқариш бўйича келишувга мувофиқ тузилган, бироқ у бошқа минтақалардаги можароларнинг олдини олиш ва ҳал қилиш билан ҳам шуғулланиши тахмин қилинмоқда.
Ушбу ташкилот Низомини имзолаш маросимида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам иштирок этди ва Ўзбекистон Кенгашга қўшилди. Бироқ, расмий Тошкент ушбу ташкилотга қай тартибда аъзо бўлгани ҳозирча маълум эмас.
Live
Барчаси