Туркманистонда пахта теримига жалб этилган болалар сони кўпайди

Олам

image

Халқаро меҳнат ташкилоти (ХМТ) Туркманистонда болалар меҳнати расман тақиқланганига қарамай, 2025 йилда пахта теримида иштирок этган болалар сони ортганини қайд этди. Бу ҳақда экспертлар ҳисоботига таяниб, “Turkmen.news” хабар берди.

Қайд этилишича, 2025 йил август ойи охиридан ноябрь ойи бошигача давом этган пахта кампанияси даврида ХМТ кузатувчилари мамлакатнинг барча бешта вилоятида фермерлар, пахта теримчилари ва давлат муассасалари ходимлари ўртасида сўровнома ўтказган.

Ҳисобот маълумотларига кўра, сўровда қатнашган катта ёшли теримчиларнинг 20 фоизи пахта далаларида болалар борлигини маълум қилган. 2024 йилда бу кўрсаткич 11 фоизни ташкил этган. Пахта теримида болаларни кўрган фермерлар улуши эса 17 фоиздан 34 фоизгача ошган.

ХМТ кузатувчилари далаларга уюштирилган ташрифларнинг 38 фоизида ўсмирларни қайд этган. Бир йил олдин бу кўрсаткич 23 фоиз бўлган. Энг мураккаб вазият Тошоғуз вилоятида кузатилган бўлиб, у ерда текширилган далаларнинг деярли 60 фоизида вояга етмаганлар аниқланган.

Ҳисоботда, шунингдек, мулозимлар ва корхоналар раҳбарлари бюджет соҳаси ходимларини пахта теримига жалб қилишда давом этгани айтилади. Сўровда қатнашган бюджетчиларнинг 12 фоизи 2025 йилдаги ҳосилни йиғиб-териб олишда иштирок этганини билдирган. Уларнинг ҳар беш нафаридан бири иш берувчилар, амалдорлар ёки фермерлар уюшмалари томонидан ишлашга мажбурланганини айтган.

Айрим респондентлар пахта теримидан бош тортган тақдирда юзага келиши мумкин бўлган оқибатлардан қўрқишларини билдирган. Эҳтимолий чоралар сифатида улар ишдан бўшатиш, иш ҳақидан маҳрум қилиш, иш соатларини қисқартириш ёки ижтимоий имтиёзларни бекор қилишни айтиб ўтган.

ХМТ, шунингдек, 2025 йилда амалдорлар кузатувчиларнинг ишига тез-тез аралашиб, суҳбатларда қатнашишга урингани ва теримчиларга босим ўтказганини қайд этган. Шу билан бирга, ташкилот Туркманистон ҳукумати билан ҳамкорлик давом этишини маълум қилган ва “йўл харитаси” амал қилиш муддатини 2026 йил якунига қадар узайтирган.


Мақола муаллифи

Теглар

пахта Туркманистон пахта терими

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг