Ўқитувчиларга миллий сертификат олиши учун субсидия ажратилади
Жамият
−
17:13 1640 2 дақиқа
Ўқитувчиларга миллий ва халқаро сертификатлар олиши учун субсидиялар ажратилади. Бу ҳақда Президентнинг жорий йилнинг 5 февраль куни қабул қилинган “2026 йилда ҳудудларни янгича ёндашувлар асосида ривожлантириш орқали аҳоли даромадини ошириш, барқарор иш ўринларини яратиш ҳамда камбағалликни қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорида сўз боради.
Қарорга кўра, жорий йил 1 мартдан “маҳалла еттилиги” хулосасига асосан Ижтимоий реестрдаги I гуруҳ ногиронлиги бўлган ва меҳнатга лаёқатли аъзоси бўлмаган оилалар хонадонларининг девор ва томларини изоляция қилиш, энергия тежамкор дераза ва эшик ҳамда қуёш панеллари ёки гелиоколлектор ўрнатиш ишлари амалга оширилади.
2026 йил 1 мартдан оғир тоифадаги туманларда оилавий тадбиркорликни ривожлантириш дастурлари доирасида кредитлар йиллик 12 фоиз ставкада ажратиб борилади.
2026 йил 1 мартдан хотин-қизлар фаоли ва ёшлар етакчиси туман ва шаҳар ҳокими томонидан лавозимга тайинланади ва лавозимидан озод этилади.
2026 йил 1 июлдан 2028 йил 1 январга қадар Бандликка кўмаклашиш давлат жамғармаси маблағлари ҳисобидан касбий таълим сифатини оширишга йўналтирилган қуйидаги турдаги субсидиялар жорий этилади:
ўқитувчи ва ишлаб чиқариш таълими усталарига халқаро миқёсда тан олинган касбий таълимга оид сертификатлар, шунингдек, Камбағалликни қисқартириш ва бандлик вазирлиги томонидан тасдиқланадиган рўйхат асосида миллий сертификатларни олиш учун сарфланган маблағларнинг 50 фоизи, бироқ БҲМнинг 20 бараваригача;
малакани баҳолаш марказларини ташкил этган тадбиркорларга харид қилинган баҳолаш воситалари харажатларининг 30 фоизи, бироқ БҲМнинг 200 бараваридан ошмаган миқдорда қоплаб берилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ умумтаълим мактабларида фаолият юритаётган хорижий тил ўқитувчилари учун камида B2 даражадаги миллий ёки унга тенглаштирилган халқаро тил сертификатини олиш муддати 2026-2027 ўқув йили бошига қадар узайтирилганди.
Live
Барчаси