Украина Пасха байрамида ўт очишни тўхтатишга тайёр – Зеленский

Олам

image

Украина Пасха байрами кунларида ўт очишни тўхтатишга ва энергетика соҳасида сулҳ тузишга тайёр. Бу ҳақда бугун, 30 март куни Президент Владимир Зеленский журналистлар билан мулоқот чоғида маълум қилди.

“Биз Пасха байрами кунларида ўт очишни тўхтатишга тайёрмиз. Менинг фикримча, очиғини айтсам, ҳаётни қадрлайдиган нормал одамлар ўт очишни бир неча кунга тўхтатиш ҳақида эмас, балки урушни бутунлай тугатиш ҳақида гапиришади. Аммо, шубҳасиз, биз шаънимиз ва суверенитетимизга дахл қилмайдиган ҳар қандай муросага тайёрмиз”, дейди у.

Зеленский Украина ўт очишни тўхтатиш ва умуман урушни тугатишнинг ҳар қандай форматини қўллаб-қувватлашини, “бироқ бу давлат қадр-қиммати ва мустақиллигини йўқотмаган ҳолда бўлиши кераклигини” таъкидлаган.

“Биз ҳар қандай ўт очишни тўхтатиш масаласини муҳокама қилишга тайёрмиз. Тўлиқ тўхтатиш... Энергетика соҳасида тўхтатиш. Озиқ-овқат хавфсизлиги ва энергетика соҳасида, яъни денгизда ҳам, ҳавода ҳам. Тўлиқ – на ракеталар, на дронлар учмасин. Инфратузилмага зарба берилмасин. Биз буларнинг барчасини таклиф қилганмиз ва очиқмиз. Агар “руслар” тайёр бўлса, марҳамат, биз тайёрмиз. Исталган муддатга таклиф қилишсин – биз бу масалани ҳал қилишга тайёрмиз”, дейди давлат раҳбари.

Россия Пасха сулҳидан ўз позицияларини мустаҳкамлаш учун фойдаланиб қолмайдими, деган саволга Зеленский “2-3 кун ичида улар ҳеч нарсани мустаҳкамлай олмайдилар”, дея жавоб берган.

Маълумот учун, ўтган йилнинг апрель ойида Россия ва Украина Москва ташаббуси билан Пасха сулҳини ўтказган. 2026 йилда Григорян тақвими бўйича Пасха католиклар ва протестантлар томонидан 5 апрель куни нишонланади. Православ Пасхаси эса 12 апрель куни нишонланади, чунки шарқий насронийлар Юлий тақвимидан фойдаланади.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Венгрия ва Словакия Европа Иттифоқи саммитининг Украинага 90 миллиард евро миқдоридаги ҳарбий ёрдамни тасдиқлаш қарорини қўллаб-қувватламагани, шунингдек, ХВЖнинг сўнгги ёрдам пакети атрофидаги зиддиятлар сабабли Украинада жанговар ҳаракатларни молиялаштириш сезиларли даражада камайгани ҳақида хабар берилган эди.


Мақола муаллифи

Теглар

Украина сулҳ Пасха байрами

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг