Украинада собиқ мансабдор ҳибсга олинди
Олам
−
05 Август 7382 2 дақиқа
Украинада Луганск вилоятининг собиқ губернатори ва Закарпатье вилоятидаги Мукачево туманининг собиқ раҳбари Сергей Гайдай икки ойга ҳибсга олинди. Бу ҳақда “Deutsche Welle” хабар берди.
Украина Олий антикоррупция суди қарорига кўра, Гайдай 10 миллион гривна миқдорида гаров эвазига озодликка чиқиши мумкин. Унинг адвокатлари гаров миқдорини ҳаддан ташқари юқори, деб ҳисоблаб, ушбу эҳтиёт чораси устидан шикоят келтириш ниятида. У дронлар ва радиоэлектрон кураш воситаларини сунъий равишда оширилган нархларда харид қилиш орқали коррупция схемасида иштирок этганликда айбланмоқда.
Сергей Гайдай 1975 йилда Луганск вилоятида туғилган, Хмельницкий шаҳрида таҳсил олган, Киевда ишлаган. У 2019–2023 йилларда Луганск вилояти давлат маъмуриятига раҳбарлик қилган. 2024 йилнинг март ойида эса Мукачево туманига раҳбар этиб тайинланган эди.
2025 йил 2 август куни у Украина Миллий антикоррупция бюроси ва Махсус антикоррупция прокуратураси ходимлари томонидан қўлга олинди. Эртаси куни, 3 августда у Мукачево туманидаги лавозимидан озод этилган.
Гайдай ўзига қўйилган айбловларни рад этиб, “ҳеч қаерга қочмоқчи эмаслигини” айтган ва “бу ишлар якунлангач, фронтга жўнайман”, дея баёнот берган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Киев суди Украинанинг собиқ президенти Виктор Януковични чегарадан ноқонуний олиб ўтиш ва қочқинликка ундашда айблаб, 15 йилга озодликдан маҳрум қилганди.