Умаров Украина делегациясига тинчлик музокараларида раҳбарлик қилади
Олам
−
29 Ноябрь 5380 2 дақиқа
Украина Миллий хавфсизлик ва мудофаа кенгаши (МХМК) котиби Рустам Умаров урушни тугатишга қаратилган халқаро музокараларда мамлакат делегациясига раҳбар этиб тайинланди. Бу ҳақдаги фармонни мамлакат Президенти Владимир Зеленский бугун, 29 ноябрь куни имзолади.
Умаров бу лавозимда коррупция можароси ортидан истеъфога чиққан ва уйида тинтув ўтказилган Президент маъмуриятининг собиқ раҳбари Андрей Ермакнинг ўрнини эгаллади.
Фармонга кўра, делегация таркибига яна саккиз киши киритилган. Улар орасида Мудофаа вазирлиги Ҳарбий разведка бош бошқармаси (ГУР) раҳбари Кирилл Буданов, Украина Қуролли кучлари Бош штаби бошлиғи Андрей Гнатов, Ташқи разведка хизмати (СВР) раҳбари Олег Ивашенко ва бошқа юқори лавозимли амалдорлар бор. Делегацияга АҚШ, Россия ва Украина бошқа халқаро ҳамкорлари билан “адолатли ва барқарор тинчликка” эришиш мақсадида музокаралар олиб бориш топширилган.
Владимир Зеленскийнинг маълум қилишича, МХМК котиби бошчилигидаги Украина вакиллари аллақачон АҚШга йўлга чиққан. Бундан аввал Рустам Умаров Президентга музокаралар бўйича ўз ҳисоботини тақдим этган.
“Вазифа аниқ – урушни тугатиш бўйича қадамларни тез ва мазмунли тайёрлаш. Украина Америка билан максимал даражада конструктив ишни давом эттирмоқда ва Женевадаги учрашув натижалари АҚШда ишлаб чиқилишига умид қиламиз”, деб ёзди Зеленский.
Тайинловдан кейин Умаров АҚШга ташриф мақсади 23 ноябрда Женевадаги учрашувда муҳокама қилинган ишланмаларни Америка томони билан мувофиқлаштиришдан иборатлигини тасдиқлади.
“Bloomberg” агентлиги ва бошқа ОАВнинг ёзишича, Умаров, Буданов ва Украина ТИВ раҳбарининг ўринбосари Сергей Кислица аллақачон АҚШга учиб кетган. Улар Америка Президенти Дональд Трампнинг махсус вакиллари – Стивен Уиткофф ва Жаред Кушнер билан учрашиши керак. Илгари бу сафарга Андрей Ермак ҳам қўшилиши мумкинлиги айтилган эди.
Эслатиб ўтамиз, кеча, 28 ноябрь куни Украина Президенти аппарати раҳбари Андрей Ермак Миллий коррупцияга қарши бюро (NABU) унинг уйида тинтув ўтказганидан сўнг истефо аризасини тақдим этганди. Ермак “New York Post” нашрига йўллаган мактубида ўз хоҳиши билан фронтга жўнамоқчи эканини ёзган.
Live
Барчаси