Ўрта Чирчиқдаги портлаш бўйича жиноят иши қўзғатилди
3-саҳифа
−
17 Апрель 5973 2 дақиқа
Аввалроқ, Тошкент вилоятининг Ўрта Чирчиқ туманидаги хонадонда портлаш содир бўлгани ва оқибатда бир оиланинг 4 аъзоси вафот этгани ҳақида хабар берилган эди. Мазкур ҳодиса ортидан жиноят иши қўзғатилиб, тегишли идоралар ходимларига нисбатан хизмат текшируви тайинланди. Бу ҳақда QALAMPIR.UZ сўровига жавобан Бош прокуратура матбуот котиби Ҳаёт Шамсутдинов маълум қилди.
Унинг билдиришича, портлаш 17 апрелга ўтар кечаси тунги соат 01:40 ларда ёнғин хавфсизлиги қоидалари бузулиши оқибатида содир бўлган. Оқибатда ушбу хонадонда яшовчи 29 ёшли З.М. (ота) ҳамда фарзандлари – 6 ёшли ўғли У.А, қизлари – 3 ёшли Д.А. ҳамда 2 ёшли А.А. воқеа жойида ҳалок бўлган.
Бундан ташқари, ушбу уйда яшовчи болаларнинг онаси – 26 ёшли Г.М. ва 54 ёшли бувиси Б.М. ёнғиндан қочиш мақсадида хонадон деразасидан ташқарига чиққан. Улар турли тан жароҳатлари билан Нурафшон шаҳар тиббиёт бирлашмасига ётқизилган.
Ҳозирда мазкур ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан Жиноят кодексининг 259-моддаси (Ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) 2-қисми “а” ва “б” бандлари билан жиноят иши қўзғатилиб, дастлабки тергов ҳаракатларини олиб бориш учун Тошкент вилояти ИИББ ҳузуридаги тергов бошқармасига юборилган.
Қолаверса, ҳолат юзасидан туман прокуратураси томонидан туман Фавқулодда вазиятлар бўлими, Ҳудудий электр тармоқлари корхонаси Ўрта Чирчиқ туман бўлими ва “Ҳудудгаз Тошкент” газ таъминоти филиали Ўртачирчиқ туман бўлими ходимларининг хатти-ҳаракатлари юзасидан хизмат текшируви тайинланган.
Live
Барчаси