“Ўзбек тилига қарши сиёсат юритмаяпмиз”. “Толибон” расмийси билан эксклюзив интервью
Интервью
−
13 Январь 3925 6 дақиқа
Айни вақтда Афғонистонда ўзбек тили билан боғлиқ масала кун тартибида турибди. Афғонистонда халқининг неча фоизи ўзбек экани ҳақида аниқ маълумотлар мавжуд эмас. Чунки, охирги бор аҳолини тўлиқ рўйхатга олиш 1979 йилда ўтказилган. Халқаро манбалар ва мутахассислар уларнинг сонини 3, 7 миллиондан 6, 6 миллионгача деб баҳолайдилар. Баъзи маҳаллий ва норасмий маълумотларда бу кўрсаткич 7-8 миллиондан ошгани айтилади. Қолаверса, ўзбеклар энг кўп истиқомат қиладиган Фарёб вилоятининг собиқ ҳокими Саййид Анвар Саодат QALAMPIR.UZ билан суҳбатда мамлакатда ўзбеклар сони 8 миллиондан ошишини тасдиқлаган эди.
Афғонистонда ҳокимият “Толибон” қўлига ўтган 2021 йилдан буён вақти-вақти билан ўзбек тили ва маданияти, тарихига нисбатан ҳурматсизликлар учраб туради. Муваққат ҳукумат эса мамлакатда содир бўлаётган ҳодисаларни кўп ҳолатларда ўз зиммасига олмайди. Ана шундай воқеалардан бири Алишер Навоий ҳайкалининг бузиб ташланиши бўлса, иккинчиси кўплаб университетлар ва давлат идоралари пештоқидан ўзбек тилидаги ёзувларнинг олиб ташланиши. QALAMPIR.UZ 2026 йил аввал ушбу масалада алоҳида дастур эълон қилган эди. Энди эса микрофонни “Толибон” расмийларига тутмоқдамиз. Мухбиримиз Афғонистонда ўзбек тили билан боғлиқ вазият бўйича Афғонистон ТИВ Учинчи сиёсий департаменти директори Абдулҳай Қанит билан мулоқот қилди. Қуйида ушбу суҳбатни ўқишингиз мумкин.
“Афғонистон тил ҳуқуқларини ҳимоя қилишга содиқдир”
Абдураҳмон Эргашев, мухбир: — Сўнгги ҳафталарда QALAMPIR.UZ'га Афғонистонда ўзбек тилидан фойдаланишга чекловлар жорий этилгани ҳақида мурожаатлар келмоқда. Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги бу даъволарга қандай муносабат билдиради ва ушбу масала бўйича Афғонистон ҳукуматининг расмий позицияси қандай?
Абдулҳай Қанит, Афғонистон ТИВ Учинчи сиёсий департаменти директори: — Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек тилидан фойдаланишга оид чекловлар ҳақидаги даъволарни қатъиян рад этади. Ушбу хабарлар жойлардаги реал ҳолатни ёки Афғонистон Ислом Амирлигининг расмий позициясини акс эттирмайди ва кўпинча нотўғри талқинлар ёки тасдиқланмаган манбаларга асосланган бўлади.
Афғонистон этник, тил ва маданий хилма-хиллиги билан ажралиб турадиган мамлакат бўлиб, Ислом Амирлиги буни асраб-авайланиши ва ҳурмат қилиниши лозим бўлган миллий бойлик, деб ҳисоблайди. Ўзбек тилини ҳам ўз ичига олган минтақавий ва миллий тиллардан фойдаланиш ушбу тиллар анъанавий тарзда сўзлашиладиган ҳудудларда ижтимоий, маданий ва таълим ҳаётининг табиий ва тан олинган қисми бўлиб қолмоқда.
Афғонистон Ислом Амирлигининг расмий позицияси аниқ ва изчил – барча этник жамоалар миллий бирлик доирасида ўз тилларини сақлаш, улардан фойдаланиш ва ривожлантириш ҳуқуқига эга. Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек тилини чеклаш ёки бостиришга қаратилган ҳеч қандай сиёсат мавжуд эмаслигини таъкидлайди, ҳар қандай маъмурий ўзгаришлар камситувчи чоралар сифатида нотўғри талқин қилинмаслиги лозим. Афғонистон жамиятда ҳамжиҳатликни мустаҳкамлаш, жамоалар ўртасида ўзаро ҳурмат ва мамлакат бўйлаб тил ҳуқуқларини ҳимоя қилишга содиқдир.
А.Э.: — Афғонистонда ҳозирда таълим муассасаларидаги белгиларни (ёзувларни) ягона стандартга келтириш жараёни амалга оширилмоқда. Ушбу жараёнда минтақавий ва миллий тиллар, хусусан шимолий вилоятларда ўзбек тили қандай ҳисобга олинмоқда?
А.Қ.: — Таълим муассасаларидаги белгиларни мамлакат бўйлаб стандартлаштириш – бу Афғонистон таълим тизимида аниқлик, изчиллик ва институционал ягона қиёфани таъминлашга қаратилган маъмурий ташаббусдир. Ушбу жараён техник хусусиятга эга бўлиб, ҳеч бир тил ёки жамоани четлатишни кўзламайди.
Миллий даражадаги стандартлар қўлланилса-да, минтақавий тил муҳитлари, айниқса, ўзбек тили кенг қўлланиладиган ва маданий аҳамиятга эга бўлган вилоятларда тўлиқ инобатга олинади. Афғонистон Ислом Амирлиги сиёсатига кўра, давлат муассасалари учун белгилар одатда уч тилда – пушту, дарий ва инглиз тилларида ёзилади. Бироқ Жузжон, Фарёб ва Саманган каби шимолий вилоятларда ўзбек тилидан фойдаланишга рухсат берувчи истиснолар мавжуд.
Таълим органлари талабалар ва маҳаллий жамоаларнинг ўзлари учун таниш тилларда муассасалар билан мулоқот қилиши муҳимлигини тан олади. Шу доирада Жузжон университетида Ўзбек тили ва адабиёти бўйича бакалавриат дастури йўлга қўйилган ҳамда айни муассасада ушбу йўналишда магистратура дастурини ишга тушириш режалаштирилмоқда.
А.Э.: — Жузжон давлат университетида Ўзбек тили ва адабиёти бўйича магистратура дастурини жорий этиш режаси Афғонистоннинг маданий хилма-хилликка ёндашуви ва ўзбек жамоасининг тил меросига ҳурматини қандай акс эттиради?
А.Қ.: — Жузжон давлат университетида Ўзбек тили ва адабиёти бўйича магистратура дастурини жорий этиш Афғонистоннинг маданий хилма-хиллик ва академик инклюзивликка бўлган қатъий содиқлигини намоён этади. Бу ташаббус олий таълимда илғор ёндашув бўлиб, ўзбек жамоасининг тил ва адабий меросини расмий академик таълим орқали сақлаш ва ривожлантириш муҳимлигини эътироф этади.
Мазкур дастур, шунингдек, ушбу соҳада малакали ўқитувчилар, тадқиқотчилар ва маданият мутахассисларига бўлган ортиб бораётган эҳтиёжга жавоб беради. Ўзбек тили ва адабиёти бўйича илғор тадқиқотларни қўллаб-қувватлаш орқали Афғонистон ўзбек халқининг тарихий ва маданий ҳиссасига бўлган ҳурматини тасдиқлайди. Ушбу ташаббус илмий тадқиқотларни кучайтириши, маданиятлараро тушунишни ривожлантириши ҳамда минтақавий тилларнинг миллий академик тизимдаги ўрнини мустаҳкамлаши кутилмоқда. Бу эса миллий барқарорлик, интеллектуал ривожланиш ва ижтимоий ҳамжиҳатликка ҳисса қўшади.
А.Э.: — Кенгроқ маънода, дипломатия, минтақавий ҳамкорлик ҳамда маданий ва таълим алмашувлари соҳаларида Афғонистон ва Ўзбекистон ўртасидаги ҳозирги муносабатларни қандай баҳолайсиз?
А.Қ.: — Афғонистон Ислом Амирлиги ва Ўзбекистон Республикаси ўртасидаги муносабатлар ҳозирда кўп йўналишларда конструктив мулоқот ва амалий ҳамкорлик билан тавсифланади. Дипломатик алоқалар минтақавий барқарорлик, иқтисодий боғлиқлик ва инфратузилмани ривожлантириш каби умумий манфаатларга қаратилган.
Ўзбекистон Афғонистон билан мулоқот ва амалий ҳамкорликни ривожлантиришда, хусусан савдо, энергетика узатиш, транспорт ва гуманитар ёрдам соҳаларида фаол роль ўйнаб келмоқда. Афғонистон Ўзбекистоннинг ривожланишга йўналтирилган ҳамкорлик ва ўзаро ҳурмат тамойилларига содиқ минтақавий ҳамкор сифатидаги саъй-ҳаракатларини юқори баҳолайди.
Умуман олганда, икки томонлама муносабатлар яхши қўшничилик, минтақавий интеграция ва узоқ муддатли барқарорлик ҳамда фаровонликка бўлган умумий интилиш асосида ижобий ривожланишда давом этмоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Афғонистондаги “Толибон” муваққат ҳукумати Мозори Шариф шаҳрида Темурийлар даврида яшаган буюк шоир ва мутафаккир Алишер Навоий ҳайкалини бутунлай бузиб ташлагани ҳақида хабарлар тарқалган эди. Шундан сўнг, Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги мазкур масала юзасидан расмий изоҳ олиш мақсадида “Толибон” муваққат ҳукумати вакиллари билан боғланган. Бунинг ортидан Маршал Абдулрашид Дўстум ва қизи Роҳила Дўстум “Толибон”га таҳдид қилиб, “Толибон” эртами-кечми ўз қилмишлари учун пушаймон бўлишини таъкидлаган.
Афғонистон томони ўша пайтда Алишер Навоий ҳайкали ўрнатилган жой аллома хотирасига муносиб эмаслиги, шоир ва мутафаккир шарафига янада кўркам мажмуа қурилиши лозимлиги сабабли ҳайкал маҳаллий ҳокимият томонидан олиб ташлангани, яқин орада янги ёдгорлик барпо этилиши ҳақида ваъда берган эди. Аммо ҳануз бу ваъда амалга оширилмади.
Шунингдек, 2023 йилнинг февраль ойида ҳам Мозори Шарифдаги Алишер Навоийнинг ўша ҳайкали қисман бузиб ташланган эди. Шунда Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги матбуот котиби Аҳрор Бурҳонов бу ҳолатни “вандализм” деб атаган ва Афғонистон вакилларига таяниб, ҳайкални бегона шахслар вайрон қилганини билдирган.
Жорий йилнинг 2 январь кунига келиб, ўзбеклар энг кўп яшовчи Саманганда университет пештоқидан ўзбек ва форс тилларидаги ёзув олиб ташланди. Бунинг ортидан Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги ўзбек тилига нисбатан чекловлар вазирликда ташвиш уйғотишини билдирди. 6 январь куни Ташқи ишлар вазирлигининг масъул вакиллари тезкор равишда Афғонистон томони билан боғланганда, “Толибон” ўзбек тилига тақиқ қўймасликка ваъда берди. Танқидлар ортидан, жорий йилнинг 11 январь куни “Толибон” Саманганда университет пештоқига ўзбек тилини қайта киритди.
Live
Барчаси