Ўзбек ўғли ёзган Туркиянинг Истиқлол марши 105 ёшга тўлди

Бу қизиқ

image

Бугун, 12 март Туркиянинг мадҳияси – Истиқлол марши қабул қилинганига 105 йил тўлди. Мадҳия Меҳмет Окиф Эрсой томонидан қаҳрамон турк армиясига бағишлаб ёзилган ва турк халқининг мустақиллик рамзи ҳисобланади. Истиқлол марши бундан 105 йил аввал – 1921 йилда Туркия Буюк Миллат Мажлисида миллий мадҳия сифатида қабул қилинган.

Миллий мадҳиянинг қабул қилиниши

Туркия Буюк Миллат Мажлиси ташкил этилганидан бир йил ўтиб, мамлакат учун миллий мадҳияга эҳтиёж сезилган. Шу сабабли мамлакатда 500 лира (ҳозирда тахминан 38,3 миллиард лира) мукофотли шеър танлови эълон қилинган.

Ўша даврда Маориф вазири бўлган Ризо Нур танловни ташкил этган. У нафақат мадҳиянинг сўзлари учун 500 лира, балки кейинчалик ёзиладиган куй учун ҳам яна 500 лира мукофот белгилаган. Танлов ҳақида бутун мамлакат бўйлаб газеталар орқали хабар берилгач, 6 ой ичида 724 та шеър юборилган.

Туркия Буюк Миллат Мажлиси (ТБММ) томонидан эълон қилинган танлов матнининг мазмуни қуйидагича эди:

“Шоирлар диққатига! Миллатимизнинг ички ва ташқи мустақиллик учун олиб бораётган курашини ифода этувчи бир Истиқлол маршини ёзиш учун Маориф вазирлиги томонидан танлов эълон қилинди. Танлов 23 декабргача давом этади. Юборилган асарлар адабий ҳайъат томонидан кўриб чиқилади. Танланган шеър муаллифига 500 лира мукофот берилади. Шунингдек, мадҳиянинг куйи учун ҳам кейинчалик камида 500 лира мукофотли алоҳида танлов ўтказилади. Аризалар Анқарадаги ТБММ Маориф вазирлигига юборилади”.

Меҳмет Окиф Эрсой танловда қатнашиши

724 та шеърни баҳолаш учун Маориф вазирлиги махсус комиссия тузган. Комиссия барча шеърларни ўқиб чиқиб, 6 тасини саралаб олган. Аммо танловда пул мукофоти қўйилгани сабабли Бурдур шаҳри депутати Меҳмет Окиф дастлаб танловда қатнашишни истамаган.

Кейинчалик унинг яқин дўсти Ҳамидуллоҳ Субҳи Танриўвер илтимос қилиб, уни кўндирган. Шундан сўнг Меҳмет Окиф Анқарадаги Тожиддин Даргоҳида туриб, турк армиясига бағишланган машҳур шеърини ёзди.

Ҳамидуллоҳ Субҳи Эрсойни кўндириш учун унга қуйидаги мазмунда хат ёзган:

“Азиз ва муҳтарам тақсирим! Истиқлол марши учун эълон қилинган танловда иштирок этмасликларингизга сабаб бўлган ҳолатларни бартараф этиш учун, албатта, кўплаб чоралар топиш мумкин. Бироқ биз кутаётган ўша шеърнинг айнан сиз – зоти устод томонидан яратилиши мақсадимизга эришиш йўлида қолган энг сўнгги ва энг умидли чорадир.

Агар сизни ташвишга солаётган қандайдир масалалар бўлса, уларнинг барчасини бартараф этишга тайёрмиз. Сиздан илтимосимиз шуки, Ватанимизни жасорат уйғотадиган ва халқнинг руҳини юксалтирадиган бу таъсирли воситадан маҳрум қолдирманг.

Шу фурсатдан фойдаланиб, сизга бўлган энг чуқур ҳурмат ва самимий муҳаббатимни яна бир бор изҳор этаман”, дейилади мактубда.

Шундан сўнг, 1921 йил 12 март куни ТБММ йиғилишида Меҳмет Окиф Эрсой ёзган шеър катта олқишлар билан Туркия миллий мадҳияси сифатида қабул қилинган.

Мажлисда мадҳияни биринчи бўлиб ўқиган шахс ҳам Меҳмет Окифнинг дўсти Ҳамидуллоҳ Субҳи бўлган.

Эрсой мукофот сифатида ажратилган 500 лирани ўзи олмай, аёллар ва болаларга касб ўргатувчи Дорул Месаи жамғармасига хайрия қилган.

Мадҳиянинг куйини танлаш

Мадҳиянинг куйини ёзиш учун ўтказилган танловда 24 нафар бастакор қатнашган. 1924 йилда танлов ҳайъати Али Руфат Чиғатой бастасини қабул қилган. Ушбу асар 1930 йилгача чалинса-да, 1930 йилда ўзгартирилиб, ўша даврнинг Усмон Заки Унгўр бошчилигидаги Республика Семфоник Оркестри томонидан 1922 йилда тайёрланган ҳозирги ижроси амалиётга киритилган. Марш жами тўққиз банд ва бир бешликдан иборат бўлиб, унинг оҳангини Эдгар Манас, Эҳсан Сарват Кунчер оркестр учун мослаштирган.

Бугунги кунда расмий маросимларда фақат мадҳиянинг биринчи икки банди куй билан ижро этилади.

Меҳмет Окиф Эрсой ҳақида

Меҳмет Окиф Эрсой 1873 йил декабрида туғилган (баъзи манбаларга кўра Истанбулнинг Фотиҳ тумани, бошқа манбаларда эса Чаноққалъа Байрамич дея келтирилади). У илк шеърларини мактаб йилларидаёқ ёзишни бошлаган.

Отаси 1888 йилда вафот этгач, моддий қийинчиликлар сабаб Мулкия мактабини тарк этиб, ишга тез жойлашиш имконини берадиган Ҳалқали Байтар ветеринария мактабида ўқиган. Меҳмет Окиф Эрсойнинг онаси – Омина Шариф хоним асли келиб чиқишига кўра бухоролик бўлган. Унинг оиласи Бухородан Туркияга кўчиб бориб, Токат шаҳрига ўрнашиб қолган.

1898 йилда Исмат Хоним билан оила қурган ва уларнинг уч қиз, уч ўғил фарзанди дунёга келган.

Унинг машҳур китоблари – “Сафоҳат” 1911 йилда, “Сулаймония курсисида” 1912 йилда, “Ҳақнинг саслари” 1913 йилда, “Фотиҳ курсисида” 1913 йилда,  “Хотиралар” 1917 йилда нашр қилинган.

Қизиғи шундаки, Истиқлол маршини у Сафоҳат китобига киритмаган, чунки уни бутун турк халқининг асари деб ҳисоблаган.

Мустақиллик уруши даври

Биринчи Жаҳон уруши бошлангач, Меҳмет Окиф мақолалар ва шеърлари билан халқни руҳлантиришга ҳаракат қилган. Бу мақсадда мусулмонларни битта байроқ остида бирлаштириш ва турклар орасида сиёсий бирликни таъминлайдиган пантуркизм мақсадини амалга ошириш учун ташкил этилган “Ташкилоту махсуса”га ҳам қўшилган.

Турк миллий шоири Меҳмет Окиф Эрсой, Истиқлол марши каби 10 тўртликдан иборат бўлган “Жанг марши” асарини 1912 йилда “Сабил-ур-рашод” журналида номсиз равишда чоп эттирган. Шу билан бирга, у одамларнинг қайғусини енгиллаштириш, халқни бирликка чақириш ва аскарларга маънавий ёрдам бериш мақсадида масжидларда ваъзлар ҳам ўқиган.

1914 йилда эса Меҳмет Окиф инглиз ва французларнинг мустамлакаларидан чақирилган мусулмон аскарларга нисбатан амалга оширилган пропагандага қарши пропаганда қилиш мақсадида Берлинга юборилган. Унинг асосий вазифаси бехосдан Усмонийларга қарши урушаётган бу мусулмон аскарларни тўғри хабардор қилиш ва уларни маърифатлантириш эди.

Анқара даври

1920 йил 23 апрель куни Туркия Буюк Миллат Мажлиси очилгач, Мустафо Камол Отатурк таклифи билан Меҳмет Окиф Анқарага келган ва  “Сабил-ур-рашод” журналини шу ерда чиқаришни бошлаган.

Унинг халқ олдидаги нутқлари газеталар орқали тарқатилиб, жанг майдонидаги аскарлар ва халқни руҳлантиришга хизмат қилган. Меҳмет Окиф 1926 йилда оиласи билан Мисрга кўчиб ўтган. У ерда Миср университетида турк тилидан дарс берган. 1935 йилда оғир хасталикка чалиниб, ватан соғинчи билан 1936 йилда Истанбулга қайтган.

Шоирнинг вафоти

Буюк шоир 1936 йил 27 декабрда Истанбулдаги уйида вафот этган. Унинг тобути Туркия байроғига ўралган ҳолда ва Эдирнекапи қабристонига дафн қилинган.


Мақола муаллифи

Теглар

Туркия Мустақиллик Ўзбек ўғли Истиқлол марши Меҳмет Окиф Эрсой Миллий мадҳия Азиз ва муҳтарам тақсирим Анқара даври Шоирнинг вафоти

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг