Ўзбекистон Бангладешга янги элчи тайинлади
Жамият
−
27 Ноябрь 1731 2 дақиқа
Ўзбекистоннинг Бангладеш Халқ Республикасидаги элчиси (қароргоҳи Деҳли шаҳрида) Сардор Рустамбоев ушбу мамлакат Президенти Муҳаммад Шаҳобуддинга ишонч ёрлиқларини топширди. Бу ҳақда “Дунё” хабар берди.
Қайд этилишича, тантанали маросимдан сўнг бўлиб ўтган суҳбат чоғида Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасидаги сиёсий, савдо-иқтисодий, инвестициявий, маданий-гуманитар ва бошқа соҳалардаги муносабатларнинг бугунги ҳолати ва уларни ривожлантириш истиқболлари муҳокама қилинган.
Муҳаммад Шаҳобуддин Ўзбекистонни Бангладешнинг Марказий Осиёдаги асосий минтақавий шериги ва ишончли дўсти деб атаган. Сўнгги йилларда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида ҳаётнинг барча жабҳаларида амалга оширилаётган жадал ислоҳотлар ва изчил ташаббуслар туфайли Ўзбекистоннинг халқаро майдондаги обрў-эътибори ва имижи юксалиб бораётганини алоҳида таъкидлаган.
Шунингдек, учрашувда Бангладеш ҳукуматининг мамлакатлар ўртасидаги савдо-иқтисодий ҳамкорликни ривожлантиришга алоҳида аҳамият қаратаётгани билдирилган.
Тўқимачилик, фармацевтика ва чарм саноати каби соҳаларда шериклик учун салмоқли салоҳият мавжудлиги қайд этилган. Бангладеш томони ушбу йўналишларда тажриба алмашиш ва янги лойиҳаларни биргаликда амалга оширишга тайёрлигини маълум қилган.
Мулоқот чоғида маданий-гуманитар, хусусан, туризм ва олий таълим соҳаларидаги шерикликни ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилган.
Маълумот учун, Ўзбекистон ва Бангладеш ўртасида дипломатик муносабатлар 1992 йил 15 октябрда ўрнатилган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Грециянинг Афина шаҳрида Ўзбекистоннинг Грециядаги Фавқулодда ва мухтор элчиси Абат Файзуллаев Греция давлат раҳбари Константинос Тасуласга ишонч ёрлиқларини топширганди.
Live
Барчаси