Ўзбекистон Россиядан газ импортини 11 млрд куб метрга етказмоқчи
Жамият
−
10 Июнь 1832 2 дақиқа
Қозоғистон Россия газини Ўзбекистонга транзит қилиш бўйича қўшимча ҳажмни таъминлашга тайёр. Томонлар етказиб бериш ҳажмини сезиларли даражада ошириш бўйича келишув олиб бормоқда. Бу ҳақда бугун, 10 июнь куни Қозоғистон Энергетика вазири Ерлан Аккенженов парламент биносида журналистларга маълум қилди.
“Бизда бундай имконият мавжуд. Ҳамма нарса транспорт инфратузилмасига боғлиқ. Бизнинг томонда, яъни Қозоғистон томонида бунинг учун ҳамма нарса тайёр. Энди, менинг билишимча, Россия Федерацияси Ўзбекистон билан мустақил равишда музокаралар олиб бормоқда. Биз транзит мамлакат сифатида (қўшимча транзит ҳажмини – таҳр.) таъминлашга тайёрмиз”, дейди Аккенженов.
У ўтган йили Россия газининг Қозоғистон орқали Ўзбекистонга транзити 4 миллиард куб метрдан, Қирғизистонга эса 500 миллион куб метрдан ошганини эслатиб ўтган.
Аккенженовнинг қўшимча қилишича, норасмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонга транзит ҳажмини 11 миллиард куб метргача ошириш режалаштирилмоқда.
“Менинг билишимча, ҳажмни 11 миллиардгача ошириш ҳақида гап кетмоқда, яъни бу жуда салмоқли ҳажм. Бу мен эшитган маълумот, менда тасдиқланган ахборот йўқ, чунки музокараларни Ўзбекистон ва Россия томонлари олиб бормоқда”, дейди вазир.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Россия газини Хитойга “Сибирь кучи” қувури орқали етказиб бериш 2025 йилда тўртдан бир қисмга, “Марказий Осиё– Марказ” тизими орқали Ўзбекистонга етказиб бериш эса 30 фоизга ошгани ҳақида хабар берилган эди.
Live
Барчаси