Ўзбекистон Швейцария билан ҳам ЖСТга аъзо бўлиш бўйича музокарани якунлади
Жамият
−
22 Июль 4570 1 дақиқа
Ўзбекистон Швейцария билан Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича икки томонлама музокараларни якунлади. Бу ҳақда Президентнинг Жаҳон савдо ташкилоти бўйича вакили Азизбек Ўрунов ўзининг LinkedIn’даги саҳифасида маълум қилди.
Билдирилишича, кеча, 21 июль куни Женевада икки томонлама музокараларни якунлаш тўғрисидаги баённома имзоланган. Азизбек Ўрунов икки мамлакат жамоаларига машаққатли ва конструктив иш учун миннатдорлик билдирди.
“Бор-йўғи бир неча мамлакат қолди! Узун рўйхат аста-секин кичрайиб бормоқда, тескари саноқ бошланди!” деб ёзди у.
Швейцария Тошкент ЖСТга киришга тайёргарлик жараёнида келишувга эришган 24-савдо ҳамкорига айланди.
Эслатиб ўтамиз, ўтган йил охирида Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлиш бўйича Покистон ва Таиланд билан икки томонлама музокараларни якунлаганди. 19 декабрь куни Ўзбекистон ва АҚШ Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёни доирасида икки томонлама бозорларга кириш бўйича музокараларни якунлаш протоколини имзолади. Ҳужжатни Бош вазир ўринбосари Жамшид Хўжаев ва АҚШ савдо вакили Кэтрин Тай имзолаган. Ўтган ойда эса Ўзбекистон Буюк Британия билан Жаҳон савдо ташкилотига кириш бўйича икки томонлама музокараларни расман якунлади.
Live
Барчаси