Ўзбекистон Сурия орқали океанларга чиқади
Бизнес
−
13 Февраль 1965 3 дақиқа
12 февраль куни Тошкент шаҳрида илк бор Ўзбекистон–Сурия бизнес-форуми ҳамда икки мамлакат тадбиркорлари ўртасида B2B учрашувлари бўлиб ўтди. Унда саноат, қишлоқ хўжалиги, фармацевтика, тўқимачилик, логистика, қурилиш, электротехника ва туризм соҳаларида фаолият олиб борувчи қарийб 200 нафар тадбиркор иштирок этди.
Бу жараёнларни тарихий деб аташ учун бир нечта сабаблар бор. 8 та йирик провинциядан Сурия бизнес элитаси вакиллари Тошкентга келишидан асосий мақсад: савдо айланмасини ноль нуқтадан миллион долларлик шартномаларгача олиб чиқишдир. Сурия бугун қайта қуриляпти ва бу жараёнда Ўзбекистон бренди остидаги маҳсулотлар асосий драйвер бўлиши кутилмоқда.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси ташаббуси билан ташкил этилган Форумга Сурия Савдо палаталари федерацияси президенти Аъла Умар аль-Али бошчилик қилгани ҳам алоҳида аҳамиятли. Шунингдек, унга Сурия иқтисодиёт ва саноат вазирининг ўринбосари, Дамашқ, Хомс, Дараа, Тартус, Латакия, Ҳама, Дайр-аз-Зор ва Идлиб савдо-саноат палаталари раҳбарлари, тармоқ уюшмалари ҳамда бизнес вакиллари ҳамроҳлик қилган. Бу эса музокараларнинг масштаби катта эканлигини кўрсатади.
11–16 февраль кунларига белгиланган бу ташриф иқтисодий алоқаларда “янги саҳифа” очди. Бу шунчаки форум эмас, балки Сурия иқтисодиётининг тикланиш даврида Ўзбекистон маҳсулотлари учун стратегик бозорга кириш имкониятидир.
Сурия Савдо палаталари федерацияси президенти Аъла Умар аль-Али Тартус ва Латакия портлари орқали бошқа давлатларга чиқиши учун Ўзбекистон томонига имтиёзлар тақдим этилишини маълум қилди.
“Албатта, биз дунёнинг барча мамлакатлари учун очиқмиз, бироқ Ўзбекистон Марказий Осиёнинг юраги сифатида биз учун жуда муҳим давлатдир. Биз Сурия ва Ўзбекистон ўртасидаги барча соҳаларда ҳамкорликка очиқмиз. Портлар, чегара ўтиш пунктлари ёки божхона масалаларида икки мамлакат манфаатларига хизмат қиладиган ҳар қандай енгиллик ва қулайликларни яратиб беришга тайёрмиз”, деди суриялик амалдор.
Унинг қўшимча қилишича, Ўзбекистоннинг йирик тадбиркорлари Сурияда ўз заводларини очиши ёки ишлаб чиқаришни йўлга қўйиши учун имтиёзлар ҳам берилади.
“Сурия ҳозирги кунда савдо ва саноат учун жуда қулай ва эгалланмаган макон бўлиб, ишчи кучи арзонлиги билан ажралиб туради. Агар ўзбекистонлик тадбиркорлар Сурияда фаолият бошласалар, эркин иқтисодий зоналарда саноатчилар учун ер участкалари арзон нархларда берилади, ҳатто ер қийматини 5 йил давомида бўлиб-бўлиб тўлаш имконияти мавжуд. Бу ердан барча Араб давлатлари ва Европа мамлакатларига маҳсулот экспорт қилиш жуда осон ва арзон кечади”, деди Аъла Умар аль-Али.
Нима учун Сурия бозори Ўзбекистон учун муҳим?
Ҳозирда Сурия ўз инфратузилмасини қайта тиклаш босқичида ва импортга юқори даражада боғлиқ. 2025 йил якунларига кўра, Суриянинг умумий импорт ҳажми қарийб 5.5-6 миллиард АҚШ долларини ташкил этган. Сурия бозори Ўзбекистон маҳсулотларига, айниқса қуйидаги йўналишларда эҳтиёжга эга:
- Озиқ-овқат: дуккакли маҳсулотлар, ун ва тайёр озиқ-овқат маҳсулотларининг 60% дан ортиғи четдан келтирилади.
- Тўқимачилик ва ип-калава: Сурия ўз тикувчилик саноати билан машҳур бўлса-да, хомашё базасини тўлдиришда Ўзбекистоннинг рақобатбардош маҳсулотларига эҳтиёжманд.
- Қурилиш материаллари: Мамлакатни қайта тиклаш учун электротехника, кабель маҳсулотлари ва металлургия товарлари ҳаётий даражада муҳим ҳисобланади.
Сурия йилига ўртача 1 миллиард доллардан ортиқ тўқимачилик ва қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини импорт қилади. Ўзбекистонлик тадбиркорлар учун бу – Араб дунёсига ва Ўрта ер денгизи портларига чиқиш учун дарвоза деганидир.
Форум доирасида нафақат савдо, балки саноат кооперацияси, яъни ҳамкорликда қўшма корхоналар очиш масаласи ҳам кўриб чиқилди. Айниқса, фармацевтика ва қурилиш соҳаларида Сурия томони Ўзбекистон тажрибасини қўллашга тайёр.
Ўзбекистон Савдо-саноат палатаси томонидан Сурияда 2 нафар доимий савдо маслаҳатчисининг тайинланиши ўзбек экспортёрлари учун “яшил йўлак” вазифасини ўтайди. Бу тўғридан тўғри логистика занжирларини қуриш ва Марказий Осиё маҳсулотларини Яқин Шарқ бозорига Ўрта ер денгизи портлари орқали олиб чиқиш имконини беради.
Live
БарчасиҚашқадарё ва Самарқандда дўл ёғди
13 Февраль