Ўзбекистон ун экспорти бўйича Қозоғистондан ўзиб кетди
Жамият
−
17:36 1933 2 дақиқа
2025 йилда Ўзбекистон Қозоғистон донидан ишлаб чиқарилган ун экспортини кескин оширди ва дунёда ун экспорт қилувчи мамлакатлар орасида иккинчи ўринга кўтарилди. Бу ҳақда “Қозоғистон донни қайта ишловчилар иттифоқи” таъсисчилар кенгаши раиси Евгений Ган маълум қилди.
Билдирилишича, дон ва уни қайта ишлаш маҳсулотлари экспорти 40,4 фоизга ошган. Қозоғистон эса аста-секин хомашё экспорт қилувчи давлат даражасига тушиб қолмоқда.
“Ҳозирнинг ўзидаёқ айтиш мумкинки, 2025 йилда Ўзбекистон Қозоғистон донидан ишлаб чиқарилган буғдой уни экспортини кескин оширди. Жаҳон рейтингида етакчи ўринларга (иккинчи ўринга) чиқиб, Қозоғистонни ортда қолдирди. Бу эса бизни ташвишга солмай қўймайди”, деган у.
Ўзбекистон 2024 йилги рейтингда Туркия, Германия, Қозоғистон ва Мисрдан сўнг 321 млн АҚШ долларилик 1 116 150 тонна ун экспортини қайд этиб, бешинчи ўринни эгаллаган эди.
Статистик маълумотларга кўра, 2025 йилда Қозоғистондан буғдой экспорти 9 миллион тоннагача ошган, шундан 5 миллион тоннаси Ўзбекистонга етказиб берилган. Бу эса ўтган йилга нисбатан қарийб 50 фоизга кўп. Шу билан бирга, Қозоғистонинг ун экспорти ҳажми тахминан 1,9 миллион тонна даражасида қолмоқда. Асосий бозорлар бўлган Афғонистон, Ўзбекистон ва Тожикистонда етказиб бериш ҳажмлари, ҳатто камайган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Қозоғистонда 2025 йил учун божхона статистикаси эълон қилинганди. Унда 1 кг гўшт Ўзбекистонга ўртача 3 доллар атрофида сотилгани келтирилган. Бу рақамлар юзасидан Қозоғистон Савдо ва интеграция вазири ўринбосари Жанел Кушукова изоҳ бериб, уларни шубҳали деб атаганди. У нархлар ўртасидаги тафовутга тўхталар экан, бу рақамлар техник хатолик оқибати бўлиши мумкинлигини билдирган.
Эъзоза Олимова
Live
Барчаси