Ўзбекистон ва Қозоғистон Қирғизистонга электр етказиб беради
Жамият
−
24 Ноябрь 2145 2 дақиқа
Олмаота шаҳрида ўтган Ўзбекистон, Қозоғистон ва Қирғизистон энергетика ҳамда сув хўжалиги вазирлари йиғилишида сув-энергетика соҳасидаги ҳамкорлик параметрлари ва ўзаро қўллаб-қувватлаш бўйича келишувга эришилди. Бу ҳақда Ўзбекистон Энергетика вазирлиги хабар берди.
Қайд этилишича, томонлар Тўхтагул сувомборидаги мураккаб вазиятни ҳисобга олган ҳолда, ўзаро электр энергияси етказиб бериш орқали бир-бирларини қўллаб-қувватлаш, иситиш мавсумини муваффақиятли ўтказиш ва келгуси вегетация мавсумига тайёргарлик кўриш учун биргаликдаги саъй-ҳаракатларни мувофиқлаштиришга қарор қилган.
Бунда Қозоғистон ва Ўзбекистон куз-қиш мавсумида Қирғизистонга электр энергияси етказиб беришга тайёрлигини тасдиқлаган. Бу Қирғизистон томонига қишда электр ишлаб чиқариш ҳажмини камайтириш ва Тўхтагул сувомборида сув тўплаш имконини беради. Жамғарилган ҳажм вегетация даврида жанубий ҳудудларнинг қишлоқ хўжалиги ерларини барқарор суғоришни таъминлаш учун Қозоғистон ва Ўзбекистонга йўналтирилади.
Бундан ташқари, минтақада истеъмолни камайтириш ва энергияни тежаш бўйича қўшма чора-тадбирлар кўриш тўғрисида келишувга эришилган.
“Музокаралар иштирокчилари ҳамкорликдаги ишлар яхши қўшничилик руҳида олиб борилаётгани ва бутун Марказий Осиёда энергетика хавфсизлиги ва барқарорлигини мустаҳкамлашга қаратилганини таъкидлади. Шунингдек, Ўзбекистон томони транзит, етказиб бериш ва энергия тизимини мувозанатлаш учун техник шартларни таъминлашга тайёрлигини тасдиқлади”, дейилади хабарда.
Йиғилиш якунида 2026 йил вегетация даври учун қишки электр энергияси етказиб бериш ва сув тўплаш ҳажмларини ҳуқуқий жиҳатдан мустаҳкамловчи уч томонлама баённома имзоланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2026 йилда ҳам Афғонистонга электр энергияси етказиб беришни давом эттириши маълум қилинганди.
Live
БарчасиСамарқандда “гашиш” сотаётган шахс ушланди
13 Декабрь
“Мойка”да қолдирилган Malibu ўғирлаб кетилди
13 Декабрь