Ўзбекистонда марокаш чигирткаси пайдо бўлди (видео)

Жамият

image

Ўзбекистоннинг бир нечта ҳудудида зарарли чигирткалар тарқалгани аниқланди. Бу ҳақда Ўсимликлар карантини ва ҳимояси агентлиги хабар берди.

Қайд этилишича, Қашқадарё ва Сурхондарё вилоятларида 22 мартдан, Самарқандда 24 мартдан, Жиззах вилоятида 28 мартдан зарарли чигирткаларни тухумдан чиққани аниқланган. Бу 1-2 ёшдаги марокаш чигирткаси бўлиб, ҳашаротлар аҳоли экин ерлари, томорқаларига етиб боришини олдини олиш бўйича чоралар кўрилмоқда.

Шунингдек, барча ҳудудларда кузатув-назорат ишлари кучайтирилиб, чигиртка тўдалари аниқланган жойларда кимёвий кураш ўтказилмоқда. Анъанавий кимёвий кураш тадбирлари ҳар йили воҳа ҳудудларида бошланиб, Қорақалпоғистон Республикаси туманлари билан якунланади.

Айни вақтда кураш тадбирларига 53 та юқори унумли пуркагичли махсус автомашина, 194 та пуркагичли тракторлар, 1000 тадан ортиқ моторли осма қўл пуркагичи, 25 та сув ташувчи транспорт воситаси, 66 та мотоцикл шай ҳолатга келтирилган. Ёқилғи-мойлаш маҳсулотлари ва кимёвий воситалар захиралари шакллантирилган.

2026 йилда жами 651,8 минг гектар майдонда кимёвий ишловлар ўтказилиши маълум қилинган. Бугунги кунга қадар 22 минг гектардан ортиқ майдонда кузатув олиб борилган, 3 641 гектарда кимёвий кураш ўтказилган.

Зарарли чигирткага қарши кураш тадбирларини ўз вақтида ва самарали олиб бориш учун барча вилоятларда штаблар ва туманларда тезкор кураш отрядлари ташкил этилган.

Қайд этиш жоиз, мамлакатда 200 га яқин чигиртка тури мавжуд бўлиб, ҳар йили 6-8 турдаги тўда ҳосил қилувчи зарарли чигирткаларга қарши кураш олиб борилади. Мавсумни беталофат ўтказиш учун чигиртка хизмати 24/7 режимига ўтказилган. Кузатув-назорат ва қарши кураш тадбирларига республика бўйича жами 700 нафарга яқин мутахассис жалб этилган.

Агентлик фуқаролардан зарарли чигиртка тарқалган ҳудуд ҳақида 1288 ёки 71 202 10 00 рақамларига мурожаат қилишни сўраган. Мазкур ҳудудларда кимёвий ишловлар олиб бориш бепул экани эслатиб ўтилган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон ва Афғонистон чегарасидаги нейтрал ҳудудда жойлашган Амударё ичкарисидаги кичик оролчаларда зараркунандаларга қарши кураш бошланганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Ўзбекистон чигиртка тўдалари марокаш чигирткаси

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг