Вашингтон Эроннинг кейинги раҳбарини танламоқчи
Олам
−
07 Март 5858 2 дақиқа
АҚШ Президенти Дональд Трамп Эронда янги раҳбарни танлаш жараёнида Вашингтон ҳам иштирок этиши кераклигини билдириши халқаро баҳсларга сабаб бўлди. Унинг айтишича, мамлакатдаги ҳокимият алмашуви “мақбул ва кучли раҳбар” келиши билан якунланиши лозим.
Бироқ бундай сценарий Эрондаги диний-сиёсий тизим учун деярли қабул қилиб бўлмайдиган ғоя ҳисобланади. Ислом республикаси тузуми АҚШга нисбатан чуқур ишончсизлик ва тарихий адоват асосида шаклланган. Эрон элиталари орасида турли сиёсий қанотлар — ислоҳотчилар, прагматиклар ва қаттиққўллар мавжуд бўлса-да, уларни бирлаштириб турган асосий мақсад — амалдаги тизимни сақлаб қолиш.
Вашингтондаги баёнотларда янги раҳбар “шартсиз таслим бўлиш”дан кейин танланиши мумкинлиги айтилган. Аммо ҳозирча бундай ҳолатнинг аломатлари йўқ. Кузатувчилар бу позиция режимни тўлиқ алмаштиришдан кўра, унинг йўналишини ўзгартиришга қаратилганини таъкидламоқда.
Эронда раҳбар танлаш жараёни одатда ёпиқ тарзда ўтади. Бу қарорни 88 нафар нуфузли руҳонийдан иборат Экспертлар кенгаши қабул қилади. Ҳозир эса мамлакатдаги ҳарбий вазият сабаб жараён ҳақида турли тахминлар тарқалмоқда.
Айрим маълумотларга кўра, марҳум олий раҳбар Али Хоманаийнинг ўғли Мужтабо Хоманаий етакчи сифатида тилга олинмоқда. Бироқ Вашингтон бу номзодни қабул қилмаслигини очиқ билдирган.
Теҳрон эса ташқи аралашув ҳақидаги баёнотларга кескин жавоб қайтарди. Расмийлар мамлакат тақдири фақат Эрон халқининг қарори билан белгиланишини таъкидлаб, ҳар қандай ташқи таъсирни рад этмоқда.
Кузатувчилар фикрича, ҳозирги вазиятда Эронда якка раҳбар ўрнига вақтинча бошқарув кенгаши шаклланиши ҳам мумкин. Чунки мамлакатдаги сиёсий тизимда асосий таъсир маркази сифатида Ислом инқилоби муҳофизлари корпуси тобора кучайиб бормоқда.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Эроннинг Муваққат раҳбарият кенгаши агар Яқин Шарқ мамлакатлари ҳудудидан ҳужумлар уюштирилмаса, уларга қарши янги зарбалар бермаслик ҳақида қарор қабул қилган эди.