Японияликларга телефондан кунига 2 соатдан кўп фойдаланмаслик тавсия қилинди

Олам

image

Япониянинг Тоёакэ шаҳрида маҳаллий ҳокимият аҳолини шахсий смартфонлардан кунлик икки соатдан ортиқ фойдаланмасликка чақирди. Бу ҳақда “South China Morning Post” хабар берди.

Жорий йил 1 октябрь кунидан кучга кирган қоидага кўра, шаҳар аҳолисига иш, ўқиш ва кундалик мажбуриятлардан бўш вақтда телефондан икки соатча фойдаланиш тавсия этилган.

Ҳужжатда жазо ёки мажбурийлик белгиланмаган – у фақат тавсиявий характерга эга. Шунингдек, бошланғич синф ўқувчиларига соат 21:00 дан кейин, юқори синфдагиларга эса 22:00 дан кейин телефондан воз кечиш маслаҳат берилган.

Шаҳар мэри Масафуми Кокига кўра, бундай тавсиянинг мақсади – аҳолининг уйқу сифатини яхшилаш ва оилавий муносабатларни мустаҳкамлаш. Унинг таъкидлашича, бу фуқароларни назорат қилиш эмас, балки фойдали одатларни рағбатлантиришдир. Бироқ айрим танқидчилар ҳокимиятни ўз ваколатларидан чиқиб кетишда айблаган. 

22 сентябрда шаҳар кенгаши тасдиқлаган бу қарор Японияда аҳоли учун умумий экран вақти лимитини тавсия этган биринчи ҳужжат ҳисобланади. Қўшимча резолюцияда эса фуқароларнинг турли ҳаёт тарзини ҳурмат қилиш ва фуқаролар фикри йиғилгандан сўнг сиёсат таъсирини таҳлил қилиш ваъда қилинган.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ 2024 йилда Японияда одамлар бир кунда ўртача 1 соат-у 47 дақиқа вақтини телефонга сарфлагани ва бу дунёда энг яхши кўрсаткич экани ҳақида хабар берилганди.


Мақола муаллифи

Теглар

Япония телефон Тоёакэ

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг