Яшаш сифати бўйича рейтинг эълон қилинди. Ўзбекистонда аҳвол қандай?
Бу қизиқ
−
14 Май 21430 2 дақиқа
Яшаш сифати бўйича 2025 йилги Инсон Тараққиёти Индексида (Human Progress Index – HPI) Ўзбекистон 108-ўринни эгаллади. Бу ҳақда CEOWORLD журнали эълон қилган ҳисоботда сўз боради.
Унда ҳаёт сифати ва давомийлиги, таълим даражаси, сиёсий барқарорлик, жон бошига даромад ва имкониятларга эга бўлиш даражаси каби мезонлар чуқур таҳлил қилинган. Мазкур кўрсаткичлар қанчалик юқори бўлса, мамлакат рейтингдаги ўрни шунчалик баланд бўлади.
2024-йилги якуний ҳисоботга кўра, Швейцария дунёда яшаш сифати энг юқори мамлакат деб топилди. Ундан кейин Норвегия ва Исландия жой олди. Гонконг тўртинчи ўринни эгаллаб, Швецияни ортда қолдирди. Дания ва Германия мос равишда олтинчи ва еттинчи ўринларда. Кучли ўнликни Ирландия, Сингапур ва Австралия (8–10-ўринлар) якунлади.
Марказий Осиё давлатларининг рейтингдаги ўринлари қуйидагича:
- Қозоғистон – 70-ўрин (минтақада етакчи – 79.32 балл);
- Туркманистон – 96-ўрин (73.54 балл);
- Ўзбекистон – 108-ўрин (70.94 балл);
- Қирғизистон – 119-ўрин (68.2 балл);
- Тожикистон – 128-ўрин (63.4 балл).
Бундан ташқари, Туркия 48-ўринни, Россия 59-ўринни, Беларус 72-ўринни, Арманистон эса 78-ўринни эгаллаган.
Рейтинг 196 мамлакат бўйича тузилган бўлиб, CEOWORLD таҳлилчилари баҳолашни уч асосий мезон – барқарорлик, қониқиш ва мувозанат бўйича олиб борган. Ҳар бир мамлакат 23 кўрсаткич асосида, 100 баллик тизимда баҳоланган.
Маълумот учун, CEOWORLD – халқаро бизнес журнали бўлиб, иқтисодиёт, инвестиция, карера, технологиялар, таълим ва турли мамлакатлардаги ҳаёт сифати ҳақида чуқур таҳлилий материаллар, рейтинглар ва тадқиқотларни чоп этиб боради.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Ўзбекистон 2021-2023 йилларда 21 балл билан энг яхши натижаларни қайд этиб, Марказий Осиёда озиқ-овқат хавфсизлиги борасида етакчилик қилаётгани хабар қилинганди.
Live
Барчаси