ЕИ Венгрия ва Словакияни Россия газидан маҳрум қилмоқчи – “Politico”

Олам

image

Бугун, 20 октябрь куни Европа Иттифоқи давлатларининг Энергетика вазирлари иттифоққа аъзо барча мамлакатларни Россия газидан воз кечишини назарда тутувчи лойиҳани автоматик тарзда маъқуллаши кутилмоқда. Бу ҳақда дипломатик манбага таяниб, “Politico” хабар берди. 

Нашрга кўра, ушбу ташаббусга Венгрия ва Словакия қарши чиқмоқда, чунки улар бу қарор улкан молиявий йўқотишларга олиб келиши мумкинлигини таъкидлаган. Москва эса бу каби санкцияларни қатъий қораламоқда.

Россия газини етказиб беришни тўлиқ тақиқлашга оид қонун лойиҳаси Венгрия ва Словакия қаршилигига қарамасдан автоматик равишда маъқулланади. Манбанинг сўзларига кўра, вазирлар мазкур икки мамлакат қарорларини инкор этишга тайёр эканликларини кўрсатувчи сигнал юбормоқда.

“Биз уларнинг қаршилигига қарамасдан келишувга эришамиз. Бу осон масала эмас, аммо муваффақият қозонишимизга ишонаман”, дейди манба.

“Reuters” нинг ёзишича октябрь ойи бошида ЕИга аъзо мамлакатлар элчилари ёпиқ йиғилишда 2028 йилга қадар Россия нефти ва гази импортидан воз кечиш режасини қўллаб-қувватлаган ва уни ЕИга аъзо давлатлар Ташқи ишлар вазирларига тасдиқлаш учун юборган. Режага кўра, Европа қонунчилигига ўзгартишлар киритилиши кўзда тутилган бўлиб, у барча ЕИ давлатларини, жумладан Венгрия ва Словакияни ҳам Россия энергия манбааларидан воз кечиш бўйича миллий дастурлар ишлаб чиқишга мажбур қилади.

Октябрь ойи бошида Братислава шаҳрида бўлиб ўтган 18-Европа ядровий форумида Словакия Бош вазири Роберт Фицо Еврокомиссия тақдим этган режани танқид қилган. Сиёсатчининг таъкидлашича, европаликлар бу билан “ўз оёқларига ўқ узмоқда”. Унга кўра, мамлакатнинг “Газпром” билан 2034 йилгача амал қиладиган узоқ муддатли шартномаси мавжуд.

Будапешт ҳам ЕИнинг Россия газидан воз кечиш режаларига қарши чиқмоқда. Маълумотларга кўра, Россия газидан воз кечиш Венгрияга ЯИМнинг 4 фоизи, яъни 10 миллиард доллар атрофидага тушиши мумкин. Мамлакат Ташқи ишлар вазири Петер Сийяртонинг таъкидлашича, Венгрия Россиядан келаётган газга қўшимча равишда ғарблик таъминотчи билан ҳам келишув имзоламоқда.

Маълумот учун, 2022 йилда Еврокомиссия “RePowerEU ” режасини тақдим этган. Унга кўра, Европа Иттифоқи мамлакатлари Россиядан нефть ва газ импорт қилишни тўлиқ тўхтатиши лозим. Бу жараён 2028 йил бошига қадар амалга оширилиши кутилмоқда.

Қайд этиш жоиз, Словакия Венгрия билан биргаликда “Туркия оқими” орқали етказиб бериладиган Россия газини фаол равишда харид қилади . Бу таъминотдан воз кечиш технологик муаммолар, иқтисодий йўқотишлар ва охирида икки мамлакатда иқтисодий ўсишнинг секинлашишига олиб келиши мумкин.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Россия газидан воз кечиш муддатини кўчириб, буни 2027 йил январь ойигача амалга оширишни режалаштираётгани ҳақида хабар берилган эди.

Моҳичеҳра Қадамова


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

газ Россия Европа Иттифоқи Энергетика

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг