Евроиттифоқ исроилликларга қарши санкцияларни маъқуллади

Олам

image

Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари кеча, 11 май куни Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши зўравонликларда айбланаётган исроиллик кўчманчиларга қарши санкцияларни расман тасдиқлади. Бу ҳақда Европанинг “Politico” нашри хабар берди.

“Европа Иттифоқи мамлакатлари ташқи ишлар вазирлари фаластинликларга қарши зўравонлик қилган исроиллик кўчманчиларга санкция жорий қилишга рухсат берди. Шунингдек, улар HAMAS раҳбарларига қарши янги санкцияларни ҳам маъқуллашди. Тўсиқдан амалий ҳаракатга ўтиш вақти келган эди. Экстремизм ва зўравонлик оқибатсиз қолмайди”, деб ёзган Европа Иттифоқининг ташқи сиёсат бўйича раҳбари Кая Каллас Брюсселдаги йиғилишдан кейин X тармоғида. Жан-Ноэль Барро ҳам кескин баёнот берган.

“Иш битди. Европа Иттифоқи бугун Ғарбий Соҳилдаги экстремистик ва зўравон колонизацияни қўллаб-қувватлаган асосий исроил ташкилотлари ва уларнинг раҳбарларига санкция жорий қилмоқда. Бу ўта оғир ва қабул қилиб бўлмайдиган ҳаракатлар зудлик билан тўхтатилиши керак”, деган Борро.

Санкциялар асосан Ғарбий Соҳилда фаластинликларга қарши ҳужумларга алоқадор шахсларга қаратилган. Бироқ Европа Иттифоқида айрим давлатлар янада қаттиқроқ чораларни талаб қилмоқда. Франция ва Швеция аҳоли пунктлари билан савдони чеклаш тарафдори. Европа Иттифоқи – Исроил ассоциация келишувини тўхтатиш каби кенгроқ таклифлар эса, ҳали ҳам иттифоқ ичида баҳсли масала бўлиб қолмоқда.

“Ноқонуний исроил аҳоли пунктлари билан савдони чеклаш масаласи муҳокама қилинди. Кўплаб аъзо давлатлар бу ишни давом эттиришни талаб қилди. Шунинг учун Европа Комиссияси билан биргаликда янги таклифлар устида ишлашда давом этамиз”, деган Кая Каллас журналистларга.

Брюсселдаги йиғилишда қатнашган Канада Ташқи ишлар вазири Анита Ананд ҳам Оттава исроиллик кўчманчиларга қарши қўшимча чораларни кўриб чиқаётганини айтган.

Исроил бу санкцияларга тезда қарши чиқди. Исроил Ташқи ишлар вазири Гидеон Саар қарорни сиёсий ва асоссиз деб атади ҳамда Европа Иттифоқини фақат сиёсий қарашлари учун Исроил фуқароларини нишонга олишда айблади.

“Исроил яҳудийларнинг ўз ватани юрагида яшаш ҳуқуқини ҳимоя қилиб келган, ҳозир ҳам ҳимоя қилади ва бундан кейин ҳам ҳимоя қилади”, деб ёзган у X тармоғида.

Европа дипломатлари Венгрияда ҳукумат алмашгач, санкциялар ниҳоят қабул қилинишини кутган эди. Янги Бош вазир Петер Мадяр кенг қўллаб-қувватланаётган санкция пакетларига тўсқинлик қилмаслигини билдирган. Унинг ўтмишдоши Виктор Орбан эса, қолган барча Европа Иттифоқи давлатлари қўллаб-қувватлаганига қарамай, бир неча ой давомида пакетни блоклаб келган эди.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Европа Иттифоқи Исроилга нисбатан санкциялар жорий этиш имкониятини кўриб чиқаётганлиги ҳақида хабар берилганди.

Ойбек Рустамов


Мақола муаллифи

avatar

.

Теглар

санкция Исроил Евроиттифоқ HAMAS

Баҳолаганлар

0

Рейтинг

3

Мақолага баҳо беринг

Дўстларингиз билан улашинг