Европа Иттифоқи электрон еврони жорий этмоқчи
Олам
−
04 Февраль 908 2 дақиқа
Европа Иттифоқи (ЕИ) ўзининг пул-кредит барқарорлигини мустаҳкамлаш учун Европа Марказий Банкига боғланган рақамли еврони жорий қилмоқчи. Бу ҳақда “Euronews” хабар берди.
Маълум бўлишича, Европа Парламенти аъзолари рақамли евро бўйича муросага келишишга ҳаракат қилмоқда. Ҳужжатларга кўра, лойиҳа бўйича қонунчилик жараёни тўхтаб қолган.
Кеча, 3 февраль куни бўлиб ўтган йиғилишда маърузачилар янги электрон валюта концепциясининг моҳияти борасида жиддий келишмовчиликлар мавжудлигини таъкидлаган.
Йиғилиш кун тартибига кўра, Европа Парламентида лойиҳани назорат қилаётган Европа Халқ партияси маърузачиси Фернандо Наваррет электрон нақд пул бўйича янги таклифни тақдим этган. Унга кўра, ушбу модель фақат офлайн тўловлар учун ва нақд пулнинг “токенланган рақамли шакли” сифатида ишлатилади, фойдаланувчиларга Европа Марказий Банки реестрида чакана савдо ҳисобларини тақдим этмайди.
Социалистлар ва демократлар “Европани янгилаш” партияси эса Европа Комиссиясининг таклифини қўллаб-қувватлаган, бу таклиф европаликларга Европа Марказий банки ҳисоб рақамларини очиш ва рақамли евролардан нафақат онлайн, балки офлайн режимда ҳам фойдаланиш имконини бериши ҳақида айтилган.
Европа Парламенти бу масала бўйича ҳали позиция билдирмаган ягона институт бўлиб қолмоқда. Аъзо давлатлар эса 2025 йилнинг декабрь ойида буни амалга оширган.
Рақамли евро бўйича овоз бериш жорий йилнинг май ойида Европа Парламентининг ялпи мажлисида бўлиб ўтиши кутилмоқда. Аммо қонун чиқарувчилар ўртасидаги келишмовчиликлар ташаббуснинг қабул қилинишига тўсқинлик қилиши мумкин.
Агар Европа Парламенти аъзолари уни қўллаб-қувватласа, Европа Комиссияси, Европа Парламенти ва Европа Кенгаши сиёсий келишув бўйича музокараларни бошлайди.
Алиқулов Жавоҳир
Live
Барчаси