“Заправка”лардаги портлашлар ортидан ФВВ мурожаат билан чиқди (видео)
Жамият
−
15 Август 6252 2 дақиқа
Фавқулодда вазиятлар вазирлиги ёқилғи қуйиш, сақлаш ва ташиш корхоналарининг раҳбарларига мурожаат билан чиқиб, ушбу объектларда техника ва ёнғин хавфсизлиги қоидаларига қатъий риоя этилишини таъминлашни сўради.
Вазирлик ёқилғилар билан боғлиқ бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш мақсадида бу каби ёниш ва портлаш эҳтимоли юқори бўлган объектларда ёнғин хавфсизлигини таъминлаш бўйича алоҳида тартиб ўрнатилиши, ёнғинга қарши воситалар доимий соз ҳолатда бўлиши ҳамда бу ишларга масъул шахслар тайинланиши кераклигини айтган.
Қўшимча қилинишича, ёнғин вақтидаги ҳаракатлар бўйича ишчи хизматчиларнинг билим ва кўникмалари текширилиб туриши зарур. Шунингдек, суюлтирилган газ бензин ва дизель ёқилғисини резервуарларга тўкиш жараёнида ёнғин хавфсизлигини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиш керак.
Қолаверса, вазирлик аҳолига ҳам мурожаат йўллаб, автомобиллардаги газ балонларини ўз вақтида назоратдан ўтказиб туриш кераклигини билдирган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Сурхондарё вилоятининг Шўрчи туманида жойлашган газ қуйиш шохобчасида портлаш юз берганди. Қолаверса, Самарқанд вилоятининг Жомбой туманидаги “заправка”да ҳам ёнғин чиққанди. Ёнғин оқибатида KIA Bongo, Damas ва Gentra русумли автомобиллар зарарланган.
Июль ойида эса Қашқадарё вилоятининг Кўкдала тумани “Олтин дала” МФЙда жойлашган газ қуйиш шохобчасида портлаш содир бўлган ва бунинг оқибатида 4 киши вафот этганди. Ушбу ҳалок бўлган фуқароларнинг оила аъзоларига 100 млн сўмдан компенсация тўлаб берилди. Ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 205- (ҳокимият ёки мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш) ва 259- (ёнғин хавфсизлиги қоидаларини бузиш) моддалари билан жиноят иши қўзғатилди. Айнан шу маҳалладаги яна бир “заправка”да август ойи бошида портлаш бўлди. 8 август куни Хоразм вилоятининг Урганч шаҳрида жойлашган автомобилларга мобил ёқилғи қуйиш шохобчасида катта ёнғин содир бўлди.
Live
Барчаси