Зеленский Трамп билан гаплашди
Олам
−
05 Август 4910 2 дақиқа
Бугун, 5 август куни Украина Президенти Владимир Зеленский АҚШ раҳбари Дональд Трамп билан суҳбатлашди. Бу ҳақда Зеленский ўзининг Telegram-каналида ёзиб қолдирди.
“Ташаббусли ва самарали суҳбат Президент Трамп билан бўлди. Энг муҳим масала, албатта, урушни тўхтатишдир. АҚШ Президентининг адолатли ва барқарор тинчлик учун қилаётган барча саъй-ҳаракатларига миннатдорлик билдирамиз. Қотилликларни имкон қадар тезроқ тўхтатиш зарур, биз буни тўлиқ қўллаб-қувватлаймиз. Агар россияликлар урушни чўзмаганида, бир неча ой олдин ҳам жанглар тугаган бўларди”, дея ёзган Украина Президенти.
Қайд этилишича, икки давлат раҳбарлари Украина ва Қўшма Штатлар позицияларини мувофиқлаштирган. Вазият юзасидан фикр алмашилган. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Трамп Киевга ва бошқа шаҳарларга қилинган ҳужумлардан тўлиқ хабардор.
“Албатта, Россияга қарши санкциялар ҳақида ҳам гаплашдик. Уларнинг иқтисодиёти таназзулда ва айнан шу сабабли Москвада Президент Трампнинг қатъиятига жиддий эътибор қаратилмоқда. Бу кўп нарсани ўзгартириши мумкин”, дея қўшимча қилган Зеленский.
Украина Президентининг сўзларига кўра, суҳбат давомида Европа давлатлари билан умумий ҳимоя чоралари муҳокама қилинган.
“Нидерландия, Швеция, Норвегия ва Дания томонидан аллақачон қарор қабул қилинди – бир миллиард доллардан ортиқ маблағ АҚШ қурол-яроғи учун ажратилади ва бу Украина ихтиёрига ўтади. Ташаккур! НАТО давлатлари билан ҳамкорлигимиз давом этади”, дея ёзади Зеленский.
Шунингдек, Украина раҳбари Америка билан икки томонлама мудофаа алоқалари ҳақида ҳам гаплашилгани ҳақида билдирган. Унинг қайд этишича, дронлар бўйича келишув лойиҳаси аллақачон Украина томонидан тайёрланган.
“Бу энг кучли келишувлардан бири бўлиши мумкин. Ҳар бир америкаликка миннатдорлик билдираман – ҳаётимизни ҳимоя қилаётганингиз учун ташаккур. Раҳмат сизга, Президент Трамп!” деган Украина Президенти.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Владимир Зеленский фақат қаттиқ босимгина Кремлни ён беришга мажбур қилиши мумкинлиги ва АҚШ Президенти Дональд Трамп бунга қодир эканини айтганди. Зеленскийнинг сўзларига кўра, Россия Президенти Владимир Путин гўёки қуролли можарога барҳам бериш учун муросага тайёр эмас.