Жаҳон чемпионатида фойдаланиладиган тўп тақдим этилди
Спорт
−
03 Октябрь 2954 1 дақиқа
FIFA Жаҳон чемпионати-2026 мусобақасида фойдаланиладиган расмий тўп тақдим этилди. Бу ҳақда FIFA хабар берди.
Кеча, 2 октябрь куни FIFA АҚШ, Канада ва Мексика яшил майдонларида ўтказиладиган мундиал давомида “ADIDAS TRIONDA” тўпидан фойдаланилишини маълум қилди. Ушбу ном испанчадан олинган бўлиб, “уч тўлқин” деган маънони англатади.
“Тўпнинг ёрқин дизайни учта мезбон мамлакатга эҳтиром кўрсатувчи қизил, яшил ва кўк рангларнинг уйғунлигига эга. Янги тўрт панелли тузилиш ва суюқлик геометрияси тўпнинг номидаги тўлқинларни акс эттиради. Бу панеллар уч мезбон давлатнинг тарихий бирлашувига ишора қилиб, тўпнинг марказида учбурчак шаклини ҳосил қилади”, дейилади расмий эълонда.
Тўпда ҳар бир мезбон мамлакатни ифодаловчи рамзлар акс эттирилган: Канада учун заранг барги, Мексика учун бургут ва АҚШ учун эса юлдуз.
Маълумот учун, 3 мамлакатнинг 16 та шаҳри мезбонлик қиладиган Жаҳон чемпионати 2026 йил 11 июнь - 19 июль саналари оралиғида ўтказилади.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ мундиалга қуръа ташлаш маросими жорий йилнинг 5 декабрь куни Вашингтондаги Кеннеди марказида ўтказилиши ҳақида хабар берилган эди.
Жаҳонгир Иномжонов
Live
Барчаси