Жапаров Миллий хавфсизликнинг янги раисини расман лавозимга тайинлади
Олам
−
20 Февраль 11341 2 дақиқа
Қирғизистон Республикаси Президенти Садир Жапаров кеча, 19 февраль куни Жумгалбек Шабданбековни Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси этиб тайинлаш тўғрисидаги фармонни имзолади.
Ҳужжат имзоланган вақтдан бошлаб кучга кирди. Махсус хизматнинг янги раҳбари миллий хавфсизлик, терроризм ва экстремизм, коррупцияга қарши курашиш, мамлакатда барқарорликни таъминлаш масалаларига масъул бўлади.
Жумгалбек Шабданбеков 55 ёшда. У 1970 йил 22 сентябрда Норин вилоятида туғилган.
Миллий хавфсизлик органларидаги фаолиятини тезкор ходим сифатида бошлаган. Махсус хизмат фахрийларининг сўзларига кўра, у разведка соҳасида махсус маълумотга эга.
2005 йилда Давлат қўриқлаш хизматига ўтган. Ахборот-таҳлил ишлари бошқармасига раҳбарлик қилган. Бўлинма юқори мансабдор шахслар ва давлат объектларига нисбатан террористик ҳамда экстремистик таҳдидларнинг олдини олиш учун тезкор маълумотларни тўплайди ва таҳлил қилади.
2020 йил октябрь ойидан буён Миллий хавфсизлик давлат қўмитаси раиси ўринбосари лавозимида ишлаб келаётганди. Бир вақтнинг ўзида у 9-хизматни – президент, Жогорку Кенеш Торағаси, Олий ва Конституциявий судлар раислари, Вазирлар Маҳкамаси раҳбари, собиқ президентлар ва стратегик давлат объектларини қўриқлашни таъминлайдиган бўлинмани бошқарган.
2021 йилдан кейин деярли барча хорижий сафарларда президентга ҳамроҳлик қилган.
2022 йилда унга генерал-майор ҳарбий унвони берилган.
Эслатиб ўтамиз, 10 февраль куни Садир Жапаров Қамчибек Ташиевни истеъфога чиқариб, МХДҚни ислоҳ қилишини маълум қилганди. Шу куннинг ўзида Қўмита бошқаруви Жумгалбек Шабданбековга топширилганди.
Live
Барчаси